Келаси ҳафтада клублар футболи жорий йилдаги сўнгги танаффусига чиқади. Миллий жамоалар ЖЧ саралаши ва ўртоқлик ўйинларида ўз кучларини синаб кўради. Аммо бу ҳафта ҳам бизни анча шиддатли баҳслар кутиб турибди. Манчестер ва Миланда дерби, Ливерпулда Антонио Контенинг дебюти, «Барселона» эса Хавининг тайинланиши расман эълон қилганидан сўнг илк ўйинида майдонга тушади. Шунингдек, Германияда ҳам қизғин ўйинлар бор.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – МАНЧЕСТЕР СИТИ (6 ноябрь, 17:30)

 Навбатдаги дербига ҳар икки Манчестер клублари ўзига яраша босим билан етиб келмоқдалар. «Юнайтед»даги босим деярли мураббий истеъфоси даражасида – Сульшерга уч ўйинга имконият беришганди. Сафардаги икки оғир учрашувда «қизиллар” мағлубиятга учрамаган бўлсалар-да, Бергамодаги ўйин жамоа атрофидаги салбий фикрларни янгилаб юборди. Сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолган Сульшер жамоаси бунинг устига Рафаэль Варанни 3-4 ҳафтага йўқотди. Вазиятни уч марказий ҳимоячи билан ўнглашга уринаётган мураббийда Варандан ташқари, Линделёфнинг ҳам ҳолати ҳали аниқ эмас. Норвегиялик мутахассис дербида қайси жамоа биринчи рақамда ўйнаб, ташаббусга эга бўлса, имконият каттароқ бўлиши ҳақида айтди. Ростдан ҳам, ҳимоядаги бу йўқотишлар «Юнайтед»га бошқа имконият қолдирмаяпти. Тўқсон дақиқа ҳимояланиб «Сити»дан гол ўтказмаслик учун жамоа жуда яхши формада бўлиши керак.

Фото: Getty Images

Пеп Гвардиола шогирдларида ҳам босим катта. Чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида тилга олинаётган «Манчестер Сити» кутилмаганда ўз майдонида «Кристал Пэлас»га имконияти бой бериб қўйди ва «Челси»дан 5 очкога ортда қолмоқда. Бу ҳафта «Бёрнлини қабул қиладиган «Челси» агар «Сити» ғалаба қозона олмаса, ўртадаги фарқни янада ошириши мумкин. Бундай шартларда курашиш эса, албатта осон бўлмайди. Бу жиҳатдан «Сити» нима қилиб бўлса ҳам, ғалаба ҳақида ўйлайди. Тахмин қилиш мумкинки, ўтган йилдаги каби, ҳар икки жамоа рози бўладиган нурсиз дуранг бўлмайди.

«Юнайтед» сафида Варандан ташқари Поль Погба ҳам жамоага ёрдам бера олмайди. У «Ливерпуль»га қарши ўйиндаги қизил карточкаси туфайли уч ўйинга дисквалификация қилинган. Бундай футболчи меҳмонлар сафида ҳам бор. Эмерик Ляпорт юқорида эсланган ўтган тур ўйинида майдондан четлатилганди.

Ўзаро ўйинларга келсак, қизиғи, Сульшер Пепга нисбатан ижобий статистикага эга. Ўтган 8 дуэлнинг 4 тасида норвегиялик мутахассиснинг қўли баланд келган. Пеп ҳисобида 3 ғалаба бор, лекин улардан 2 тасида Англия Лига кубогига тўғри келади.