16:40 / 22.04.2018
20361

Павел Дуров кимлар билан тортишган ва бу нималар билан тугаган?

Telegram асосчисининг Россия махсус хизмат вакиллари билан қарама-қаршилиги бой тарихга эга.

Ким билан ва нима учун? ФХХ билан 2011 йилдаги норозилик чиқишлари туфайли.

2011 йилда Дуров ФХХнинг оммавий норозилик намойишлари муҳокама қилинаётган «В Контакте»даги бир неча саҳифаларни блоклаш ҳақидаги талаби ҳақида ҳикоя қилиб берган. Ўшанда у ФХХ талабномаси фотосини тилини чиқариб турган ит сурати билан бирга эълон қилиб, «Махсус хизматларга гуруҳларни блоклаш ҳақидаги талабига расмий жавоб», дея изоҳ ёзган.

Нима билан тугади. Дуров гуруҳларни блоклашдан бош тортди.

twitter.com/durov/

Фото. Дуровнинг ФХХ талабларини бажаришни истамаслиги ҳақидаги постига иллюстрация, 2011 йил 8 декабрь.

 

Ким билан ва нима учун? ФХХ билан Украинадаги митинглар туфайли.

2013 йил 3 декабрь. «В Контакте» Украинадаги инқилоб билан боғлиқ гуруҳларнинг муаллифлари ва ташкилотчиларига тегишли «қайд қилишда ишлатилган маълумотларни бериш» талабномасини олади.

Нима билан тугади. «В Контакте» талабни бажармади. Россия юрисдикцияси ижтимоий тармоқнинг украиналик фойдаланувчиларига дахл қилмайди, дея тушунтириш берди Дуров.

vk.com/durov

Фото. Бу фотони Дуров Киевдаги Майдондаги воқеалар чоғида ўзининг «В Контакте»даги саҳифасида эълон қилган. 2014 йил 27 янвярь.

 

Ким билан ва нима учун? ИИВ билан йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун

2013 йил 5 апрель куни Петербургда Тергов қўмитаси ўз маълумотларига асосланиб, рулида Дуров бўлган оқ рангли «Мерседес» йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда, ЙПХ инспекторини уриб юбориб, воқеа жойидан ғойиб бўлганини таъкидлайди. Шундан сўнг, «В Контакте» офисида ва Дуровнинг уйида тинтив ўтказилади.

Нима билан тугади. Дуровга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилди. Тергов-суриштирув ишлари чоғида «В Контакте» ҳаммуассислари Вячеслав Мирилашвили ва Лев Левиев ижтимоий тармоқдаги 48 фоиз улушларини Илья Шчербовичнинг UCP фонди раҳбарлигидаги инвесторлар консорциумига сотишади. 2014 йил январида эса Дуров «В Контакте»даги ўз улушини бизнемсен Иван Тавринга сотгани ойдинлашади.

Фото: Ведомости

Фото. Дуровнинг эҳтимолли иштирокидаги автоҳалокат сурати.

 

Ким билан ва нима учун? Шчербович билан Telegram туфайли.

Тафсилотлар. 2014 йилнинг апрелида Илья Шчербовичнинг UCP фонди Дуровга нисбатан даъво аризасини киритади. Эътирознинг моҳияти — «В Контакте»нинг бош директори бўла туриб, Дуров ижтимоий тармоқлар ресурсларидан фойдаланиб, Telegram’ни ривожлантирган, демак акциядор сифатида UCP’нинг манфаатларига зид иш қилган. Дуров Telegram’ни беришни истамай жавобан даъво аризаси киритган.

Нима билан тугади. Натижада UCP’нинг «В Контакте»даги улушини Mail.Ru Group сотиб олди, шундан сўнг фонд Telegram’га нисбатан даъвосидан воз кечди.

medium.com/@anton.rozenberg

Фото. Telegram жамоаси мессенжер учун серверларни ташимоқда, Лондон.

 

Ким билан ва нима учун? Собиқ ходим билан, ишдан бўшатилгани учун.

«В Контакте»нинг собиқ техник директори, кейинчалик Telegram’да ишлаган Антон Розенберг Павел ва Николай Дуровларни шахсий хусумат асосида уни Telegram’дан ноҳақ бўшатишганини даъво қилиб чиқди. Розенберг «Телеграф» (Telegram’нинг Россиядаги юридик шахси) ни судга берди.

Нима билан тугади. Натижада Розенберг 1,5 миллион рубль эвазига «Телеграф» билан ярашув келишувини тузди.

medium.com/@anton.rozenberg

Фото. Дуров пулдан ясалган самолётчаларни учирмоқда. Розенбергнинг сўзларига кўра, Telegram асосчиси буни унинг кабинетидан туриб амалга оширган. Петербург, Нева проспекти.

 

Ким билан ва нима учун? Жаров билан, терроризмга кўмак беришда айбланган.

2017 йилнинг июнида Дуров ва Жаров («Роскомнадзор» раҳбари) бир неча кун давомида оммавий мубоҳаса уюштирган. Жаров Telegram асосчисини унинг мессенжеридан фойдаланаётган террорчилар ва жиноятчиларга нисбатан нейтрал муносабатда эканлигини таъкидлаган. Дуров бунга жавобан 5 мингдан зиёд оммавий каналлар ва гуруҳлар блокланганини айтиб ўтган.

Нима билан тугади: Натижада Дуров Telegram ахборот тарқатишни ташкиллаштирувчилар реестрига киритилишига розилик берди, бироқ Telegram’нинг конфеденциаллик сиёсати ва шахсий ҳаётни ҳимоя қилишга зид келувчи қонун талабларини бажармаслигини таъкидлади.

instagram.com/durov

Фото. Дуров Жаров билан сиртдан мулоқот олиб бораётганида унинг Instagram’да жойлаштирган фотосурати.

 

Ким билан ва нима учун? ФХХ билан шифрлаш калитлари туфайли 

2017 йилнинг ёзида ФХХ Telegram’дан фойдаланувчиларнинг ёзишмалари кодини ечиш учун калитларни талаб қилади. Telegram вакиллари бу талабларни бажаришнинг техник имкониятлари йўқлигини маълум қилишади.

Нима билан тугади. 2018 йилнинг 13 апрелида Москва шаҳрининг Таганка суди Telegram’ни тўсиш ҳақида ҳукм чиқаради. Дуров мессенжер фойдаланувчилардан кўмак олмасдан блоклашни четлаб ўтувчи усуллардан фойдаланишини ваъда қилди.

instagram.com/durov/

Фото. Павел Дуровнинг Instagram’га жойлаган сурати. Пост остига у Telegram фойдаланувчиларининг махфийлигини бундан кейин ҳам ҳимоя қилишини билдирган. 2018 йил 15 апрель.

Top