Жамият | 19:06 / 24.04.2018
5800
2 дақиқада ўқилади

28-29 апрель куни Бойсунда йилнинг энг кутилаётган фестивали ўтказилади

Йилнинг энг кутилаётган ҳодисаларидан бири - "Бойсун баҳори" фестивали. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Facebook'даги саҳифасида хабар берилишича, "Бойсун баҳори" фестивали 28-29 апрель кунлари Сурхондарёдаги Бойсун шаҳрида бўлиб ўтади. 

Фото:  Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Манзарали тоғ этакларида жойлашган бу жойнинг ўзига хослиги шундаки, у ердаги маҳаллий халқ қадимий урф-одат ва анъаналарини бугунга қадар сақлаб қолган. Бу анъаналар тарихи эса бир неча минг йилларга бориб тақалади.

Мазкур фестивални ўтказишдан мақсад - нафақат Бойсунда, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам ардоқлаб сақланиб келинувчи ўтмиш меросини тўплаш ва намойиш қилиш. Тоғолди ҳудудларида ўтовли лагерлар, расталар, саҳналар қурилиб, уларда халқ ансамбллари чиқиш қилади. Махсус майдонларда полвонларимиз кураш, кўпкари каби миллий ўйинларда куч синашишади. Фестивалга ташриф буюрган меҳмонлар дорбозлар, рақс дасталари дастурларини томоша қилиб, завқ олишлари мумкин ва буларнинг бари жонли табиат фонида рўй беради. 

Фото:  Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

"Бойсун баҳори" фестивалида Халқаро аэронавтика ассоциацияси делегациясининг иштирок этиши алоҳида эътиборга лойиқ. Улар Ўзбекистон шаҳарлари узра парвозлар серияси доирасида Бойсун узра 5 ҳаво шарини 100 метр баландликка кўтаришади. 

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид