Жаҳон | 21:15 / 24.04.2018
9848
3 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида доклад тайёрлади

Фото: Pikabu

Хитой давлат кенгаши АҚШ давлат департаменти аввалроқ чоп этган докладга жавобан “2017 йилда АҚШдаги инсон ҳуқуқлари ҳақида” деб номланган докладни чоп этди ва Вашингтон ўзини “ахлоқ судьяси” ва “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” деб эълон қилгани, бироқ АҚШнинг ўзида бу соҳада вазиятнинг мунтазам ёмонлашиб бораётгани кузатилаётганини қайд қилган.

20 апрелда АҚШ давлат департаменти дунёда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши ҳақидаги анъанавий докладини чоп этиб, унда Сурия, Шимолий Корея, Мьянма, Хитой, Эрон, Туркия, Венесуэла ва Россияни танқид қилган. 

“АҚШ “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” ролини ўйнашда давом этмоқда ва “ўзини маънавий судъя” деб ҳисоблаб, бошқа давлатлардаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни ва бу давлатлардаги ички ишларни ўзича қораламоқда. Унинг танқиди бемаънилиги ва янглишлиги билан ажралиб туради. Шундай ҳис борки, гўёки дунёда фақат АҚШда инсон ҳуқуқларига амал қилиш соҳасида барчаси мукаммалдек”, деб айтилган докладда. 

Ҳужжатда айтилишича, АҚШда жиноятчилик даражаси ортиб бормоқда, ҳукумат ўқотар қурол билан боғлиқ муаммони ҳал қилолмаяпти, бундай қурол қўллаш билан боғлиқ жиноятлар сони тобора кўпайиб бормоқда, хизмат мажбуриятларини бажаришда полициянинг шафқатсизлиги норозиликларга сабаб бўлмоқда, ҳукумат эса интернетда фуқароларнинг шахсий ҳаётига сурбетларча ва ўзи истаганча аралашмоқда ва шахсий дахлсизлик, шахсий ҳаётнинг барча чегараларини бузмоқда ва АҚШ аҳолисининг эркинлиги жиддий хавфга учрамоқда.

Ҳужжатда, шунингдек, АҚШда ирқий муносабатлар ёмонлашаётгани, ирқий нафрат негизида кўплаб низолар юз бераётгани қайд қилиб ўтилган. Мисол сифатида суд ишлари бўйича статистика келтирилган. Унга кўра, АҚШда қора танли эркаклар европоид ирқи вакилларидан ўртача 19,1 фоизга каттароқ жазо муддати оладилар. Шунингдек, АҚШда турли миллий озчиликлар вакилларининг маоши анчагина паст. Мусулмонларга нисбатан таҳқирлаш даражаси эса 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейинги даражадан ҳам юқори. 

Хитойлик таҳлилчилар, шунингдек АҚШда ночорлик даражаси юқорилигини, мамлакатда 40 млн киши ночорликда яшашини, улардан 18,5 млн нафари ўта ночор ҳолатда яшашларини таъкидлаб ўтганлар.  

Шунингдек, АҚШда аёлларни таҳқирлаш даражаси юқори, аёллар борган сари кўпроқ руҳий, жисмоний ва жинсий зўравонлик қурбонларига айланишмоқда. АҚШда зўравонликдан болалар ҳам ҳимояланмаган, имконияти чекланган одамлар эса камситиш ва таъқибларга учрайдилар.   

Докладда АҚШнинг турли штатларида юз берган оммавий қотилликлар ҳам эслаб ўтилган. АҚШнинг бошқа давлатлардаги ҳарбий амалиётлари эса кўплаб одамларнинг ўлими ва инсон ҳуқуқларининг кўплаб бузилишларига сабаб бўлмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид