Жамият | 10:20 / 24.04.2018
6797
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда маданият ва санъат ходимлари учун 16та кўп қаватли уй қурилади

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан Тошкент шаҳрида маданият ва санъат ходимлари учун кўп қаватли уйлар қурилади.

Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат ходимларини яшаш шароитини яхшилаш, уларнинг ижодий фаолиятини эътиборга олган ҳолда уй-жойларни лойиҳалаш ва имтиёзли нархларда қуриш юзасидан билдирилган таклифларни инобатга олиб:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг:

маданият ва санъат ходимлари учун Тошкент шаҳрида 2018-2019 йилларда 2тадан, 2020-2022 йилларда 4тадан жами 16та кўп қаватли уйлар қуриш;

ушбу кўп қаватли уйларни қуриш харажатларини тижорат банк кредитлари ҳисобидан молиялаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

2. Ушбу фармойишнинг 1-бандида назарда тутилган кредитларнинг таъминоти сифатида Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Бинолардан фойдаланиш ва уларни эксплуатация қилиш дирекцияси” давлат корхонасига қарашли мулкларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гаровга қўйилишига рухсат берилди.

3. Маданият ва санъат ходимлари уйларини қуриш бўйича:

буюртмачи этиб - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилувчи объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати” давлат муассасаси;

бош лойиҳачи ва бош пудрат ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказиладиган танлов савдолари (тендер) натижалари бўйича белгиланди.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги маданият ва санъат ходимлари учун 2018-2019 йилларда 2тадан кўп қаватли уй қуриш учун Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, “Камолон” маҳалласи, “Устозода” кўчасидан, шунингдек, 2020-2022 йилларда 4тадан кўп қаватли уй қуриш учун Маданият вазирлигининг таклифларини инобатга олиб, белгиланган тартибда ер участкаларини бепул ажратади.

5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

бош лойиҳачи ташкилоти билан биргаликда маданият ва санъат ходимларига қуриладиган уйларининг лойиҳаларини 5-7 қаватли ҳамда маданият ва санъат вакилларининг ижодий фаолиятларини инобатга олиб, ишлаб чиқилишини таъминлайди;

уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд бўлган маданият ва санъат ходимлари рўйхатини 2018 йилда қуриладиган кўп қаватли уйлар учун икки ой муддатда ҳамда кейинги йилларда қуриладиган уйлар учун эса ҳар йилнинг январь ойида шакллантирсин ҳамда уларга қуриладиган уйларни ипотека кредити асосида сотиб олишларига кўмаклашади.

6. Мазкур фармойиш бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Ж. Усмонов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид