Жамият | 15:17 / 27.04.2018
33098
2 дақиқада ўқилади

12 ёшли Равшанбек Тошкентга янги қўл билан қайтиб келди

12 ёшли Равшанбек яхшилар кўмаги ва саховати ила янги қўл билан Тошкентга қайтиб келди. 7 ёшида кўнгилсиз воқеа туфайли ўнг қўлидан айрилган Равшанбек танадаги ўзгаришлар, организм ўсиши оқибатида кўп муолажалар қабул қилишга мажбур бўлганди. 

Ёдингизда бўлса, ўтган йили Равшанбекнинг онаси Дилноза Полвонова Kun.uz’га мурожаат қилганди. Шундан сўнг унинг ўғли учун хайрия акцияси ўтказилиб, йиғилган пуллар эвазига боланинг муолажаси давом эттирилган. Она ўғлини Тошкентдан берилган йўлланма билан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига олиб борди. У ерда шифокорлар Равшанбекни текшириб, унга протез қўл қўйиш учун дастлабки ҳаракатларни бошлади.

Ушбу жарроҳлик амалиёти 25 минг доллар маблағ эвазига амалга оширилиши маълум бўлгач, хайрия акцияси натижасида йиғилган маблағлар харажатларни тўлиқ қопламаслиги яхшиларнинг кўмаги олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Улар барча қийинчиликни ортда қолдириб, Ўзбекистонга омон қайтиб келишди. 

4 фарзандни ёлғиз улғайтираётган онага иккинчи фарзанд бўлмиш Равшанбек қўл қўйдириб, дастёр бўлишни истайди. Айни пайтда Равшанбек халқи учун нафи тегадиган ҳуқуқшунос-юрист бўлиб хизмат қилмоқчилигини, яхши ўқиб, доимо яқинларини хурсанд қилишини айтди. Биз мазкур хайрия акциясида иштирок этган, Равшанбекни моддий ва маънан қўллаб турган Kun.uz ўқувчиларига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. 

Mover.uz'да кўриш

 

Мавзуга оид