Жаҳон | 14:00 / 29.04.2018
14087
2 дақиқада ўқилади

Америкалик сенатор: Россия кибермаконда устунлик қиляпти

Фото: Depositphotos

АҚШ сенати разведка бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Марк Уорнернинг фикрича, Россия кибермаконда Қўшма Штатлардан устунлик қиляпти. Бу ҳақда у CNN телеканалига айтиб ўтди.

«Биз яқиндагина 700 млрд доллардик ҳарбий бюджетни қабул қилдик ва мени шу қизиқтирмоқда - ХХ асрга мос келадиган қуролларни харид қилмаяпмизми? Россияда ҳарбий бюджет 68 млрд долларга тенг ва у маълумот алмашиш, ёлғон ахборот тарқатиш ҳамда кибермаконда анча кучлироқ», - дея айтиб ўтди Уорнер.

Сенаторнинг таъкидлашича, Америка ҳукумати 2016 йилги президентлик сайловларига аралашув айнан қандай юз берганини ҳамон тушунишга ҳаракат қилмоқда. Қўшма Штатлар ҳукумати сайловларга россиялик ҳакерлар аралашгани ҳақида бир неча марта маълум қилди, Кремль бу хабарларни рад этиб келди. Унинг фикрича, айнан ўша ижрочилар АҚШда 2018 ва 2020 йилларда бўлиб ўтадиган сайловларга аралашишга ҳаракат қилиб кўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти ўз ходимларини идорага юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий киберҳужумлар ҳақида огоҳлантирганди.

 

Мавзуга оид