Жаҳон | 15:44 / 03.05.2018
9461
2 дақиқада ўқилади

Таиландда бирйўла уч орган трансплантацияси ўтказилди

Фото: РИА Новости / Варвара Гертье

Бангкокдаги шаҳзода Махидола Университети тиббиёт факультети ва Сирират шифохонаси шифокорлари томонидан Осиёда биринчи марта бирйўла уч орган трансплантацияси муваффақиятли ўтказилди. Таиланднинг Учинчи миллий телеканали шу ҳақида хабар берди.

12 соатлик операция давомида 26 ёшли беморга юрак, жигар ва буйрак кўчириб ўтказилди, дейилади хабарда. Осиёдаги биринчи ва жаҳон тиббиёт тарихидаги ўн бешинчи бундай операция 2017 йилнинг 3 декабрь куни ўтказилган. Шундай бўлса-да, унинг муваффақиятли ўтказилганига доир маълумот 2 майга келибгина эълон қилинган. 

8 ёшидан бери буйраклар касаллигидан азият чеккан бемор сўнгги йилларда ҳафтада уч марта гемодиализ муолажасидан ўтишга тўғри келган. Бундан ташқари, беморнинг жигари ва юрагида буйраклар касаллиги натижасида яқин вақт ичида бутунлай ишлашдан тўхташига олиб келиши мумкин бўлган асоратлар ривожланган. 2017 йилнинг августидан бемор шифохонада донорлик органларини кутиб вақт ўтказган, дейилади манбада. 

Операцияни ўтказган шифокорларнинг телеканалга маълум қилишларича, трансплантация учун уч орган ҳам бир донордан олинган.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, бемор февраль ойи охирида доимий тиббий кузатув шарти билан шифохонадан чиқарилган. Операциядан кейинги беш ой давомида кўчириб ўтказилган органлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммолар бўлмаган. Айнан шунинг учун операция натижалари ҳақида энди эълон қилишган. 

 

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид