Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марҳумларга қарздорлик ёзилаверади. Агар...
Сўнгги кунларда "Ўзбекэнерго" АЖ ходимлари томонидан марҳумларга электр энергия учун қарздорлик ёзилган ҳолатлар аниқланганлиги тўғрисидаги маълумотни кўпчилигимиз ўқиб улгурдик.
Аслида айб кимда?
Тўғри, марҳумларга тўлов қоғози келиши бу анча ажабланарли ҳолат. Аммо бу ерда бошқа масала бор. Бизнинг жамиятда оила бошлиғи албатта ёши катта, кўпни кўрган кишилар ҳисобланади. Табиийки, хонадондаги барча қимматбаҳо буюмлар уй-жой, машина ва бошқалар - азалий одатга кўра, оила бошлиғининг ихтиёрида бўлади. Демак, яшаб турган уй-жойимиз ҳам уларнинг номида. Шунинг учун ҳам барча коммунал тўловлар уйнинг бевосита расмий хўжайини номига расмийлаштирилади. Бу оддий ҳақиқат.
Башарти вақти келиб, хонадон эгасининг қазоси етса, қонунчиликка кўра, уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи васият қилинган шахс ёки ўзаро келишувга асосан қариндошлардан бирининг ихтиёрига ўтади. Ана шу ҳолатда уй ҳужжатларини қайта расмийлаштириш хонадоннинг янги соҳибининг мажбурияти ҳисобланади. Жумладан, барча коммунал идораларни бундан бохабар этиш ҳам шу мажбуриятлар сирасига киради. Бу иш ўз муддатида бажарилмас экан, юқорида келтирилган “ажойибот”лар нафақат электр энергиясида, балки бошқа коммунал тўловларда ҳам келиб чиқаверади.
Қарс битта қўлдан чиқмаган...
Истеъмолчи ўз фуқаролик мажбуриятини бажармаса, юқоридаги ҳолатлар яна ва яна такрорланиши шубҳасиз. Шундай экан ҳамма айбни "Ўзбекэнерго"га ағдариш ҳам инсофдан эмас. Тўғри, ташкилот фаолиятида бир қатор камчиликлар кўзга ташланаётгани сир эмас. Айниқса қишнинг совуғи эшик қоқмай, таъминотдаги узилишдан дўкончи Ғайбулла ҳам хабардор. Аммо, иш бор жойда хато ҳам бўлади, тан олиб айтиш керакки, ўтган мавсумда электроэнергия билан боғлиқ муаммолар, бошқа коммунал хизматлар билан таққослаганда, деярли кам учради.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида, “Ўзбекэнерго” АЖ вакиллари билан боғланганимизда, бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида бутун республика бўйича барча аҳоли истеъмолчилари учун “Электроҳисоб” дастурий комплекси йўлга қўйилгани маълум қилинди.
Ушбу тизимнинг асосий афзаллиги шундаки, электр энергияси истеъмолчилари учун тўғридан-тўғри мобил телефонлари (SMS-хабар) ва Интернет тизими (истеъмолчи “Шахсий кабинети”) орқали электр энергияси истеъмоли ҳақида барча керакли маълумотларни олиш имкониятлари яратилган.
Хусусан,
- истеъмолчи ўз вақтида тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумотни СМС хабарнома орқали олиши;
-ҳисобдаги қолдиқ миқдорини билиш;
-чиқимларни назорат қилиш;
- сарф қилинган электр энергиясининг ойлик миқдорини билиш;
-энг муҳими истеъмолчиларга электр энергияси учун тўловларнинг шаффофлиги таъминланади.
Суҳбатдошнинг айтишича, “Электроҳисоб” дастурий комплексини жорий этилишининг энг асосий мақсади, электр энергияси истеъмолчиларининг вақтини тежаш, ортиқча маблағ сарфлаш ва алданишдан халос этишдан иборатдир. Истеъмолчи бир маротаба телефон рақамини рўйхатдан ўтказиш натижасида ўз ҳисоб рақами ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади.
Шундай экан, ҳар битта масаланинг мазмун-моҳияти тўлиқ ўрганилиб, сўнгра маълумот эълон қилинса, нур устига аъло нур бўларди.
Мавзуга оид
08:33 / 24.04.2026
Алимент қарзи бор шахсларга айрим битим ва хизматлар чекланади
09:00 / 22.04.2026
Айрим қарздорликлар соддалаштирилган тартибда ундирилади
14:24 / 14.03.2026
Фермерга ҳисобланган асоссиз 126 млн сўмлик қарздорлик бекор қилинди
16:05 / 23.02.2026