Жамият | 18:55 / 05.05.2018
7111
2 дақиқада ўқилади

Китобдагиси эмас, кўнгилдагиси — илмдир

Китоб тўплаб, уларнинг миқдори билан мақтаниб юрадиган одамларни илмли деб бўладими? Ҳатто шахсий кутубхонасида уч мингдан ортиқ китоби бор одамни биламан. Негадир у «Шу китобларнинг ҳаммасини ўқиганмисиз?» деган саволни хуш кўрмайди. Шунинг учун бўлса керак, у бой кутубхонаси билан мақтанар экан, ўқишга ҳали улгуришини ҳам қўшиб қўяди. Аммо мени бир савол қизиқтиради: Китоб илм булоғи экани рост, аммо китобга эга бўлган одам илмли саналадими? Йўқ! Китобдагиси эмас, кўнгилдагиси, яъни ўқиб, уқилган илм — илмдир.

Бу ҳақда улуғ аллома Абу Ҳомид Ғаззолийнинг бир ҳикояти бор. У шундай ривоят қилади:

— Журжондан Тусга қайтишимда йўлда қароқчилар учраб, ҳамма нарсамни тортиб олишди. Уларга «Молимни сизларга бахшида этдим, фақат халтамдаги бир даста қоғозларимни қайтариб беринглар, улар сизларга керак эмас» деб ялиндим. Ўғрилар бошлиғининг раҳми келиб, деди:

— Халтангдаги қоғоз шу даражада қимматлими, нега унга ёпишиб олдинг?

Мен айтдим:

— Улар илм излаб юрганимда билган ва ўқиганларимни ёзиб, тўплаб юрган билимларим.

Ўғрилар бошлиғи деди:

— Дарс ўқидим, билим олдим деганинг нимаси, сендан қоғозларингни олиб қўйсак, билимсиз бўлиб қолар экансан-да?! Қароқчилар ўғирлайдиган, тортиб оладиган илм ҳам илм бўлдими?

Ўғрилар сардори томонидан айтилган бу сўзлар Ғаззолийга Аллоҳнинг ҳидоятидек туюлиб, «Ўрганган нарсам ўзимда қолсин» дея ёзганларининг барчасини уч йил давомида хотирасига муҳрлаган экан.

Зуҳал РЎЗИЕВА

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид