Жаҳон | 23:33 / 06.05.2018
7507
1 дақиқада ўқилади

Умуртқадаги ўсимта илк бор робот ёрдамида олиб ташланди

Фото: Global Look Press/ZUMA

АҚШнинг Пенсильвания университети олимлари робот ёрдамида умуртқадан ўсимтани олиб ташлаш бўйича дунёдаги илк операцияни ўтказишди. Бу ҳақда Penn Medicine News портали маълум қилди

Операция кам учрайдиган хордома ўсимтаси борлиги аниқланган 27 ёшли эркакка талаб этилган. Бу ўсимтани олиб ташлаш жуда катта аниқликни талаб қилади – агар ўсимта тўлиқ олиб ташланмаса, у жадал ривожланиб, охир-оқибатда фалажликка олиб келиши мумкин.

Шифокорлар операцияни бажаришда роботқўлни қўллашга қарор қилишган. Операция 3 босқичда ўтказилган – шикастланган умуртқа бўлакларини олиб ташлаш, ўсимтани олиб ташлаш ва соннинг қисми ёрдамида умуртқаларни тиклаш.

Операция 20 соатга яқин вақт олган. Авваллари роботқўллар юмшоқ тўқималарни операция қилиш вақтида қўлланган. Таъкидланишича, операция муваффақиятли ўтган ва бемор нормал ҳаётга қайта олган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид