Жаҳон | 18:51 / 07.05.2018
7996
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳукумати учун РФга қарши вазифалар фуқаролардан ҳам муҳим – Россия

Фото: smotrisport.tv

Россия Давлат думасининг Жисмоний тарбия ва спорт бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Сергей Кривоносов Украина Спорт вазирлиги раҳбари Игорь Ждановнинг Россиядаги мусобақаларга йўл олаётган украиналик спортчиларни молиялаштириш тўхтатилиши ҳақидаги сўзларига изоҳ берди. Бу ҳақда  «Советский Спорт» хабар қилмоқда.

«Бу навбатдаги нодўстона қадам бўлиб, ундан биринчи навбатда спортчилар жабр кўради. Бироқ, афтидан, Украина ҳукумати учун Россияга қарши сиёсат билан боғлиқ вазифалар ўз фуқароларидан ҳам муҳимроқ шекилли», - дея маълум қилди Кривоносов.

5 май куни Украина Спорт ва ёшлар вазирлиги раҳбари Игорь Жданов фейсбукдаги саҳифасида вазирлик Россиядаги мусобақаларга бораётган украиналик спортчиларни молиялаштирмаслиги ҳақида ёзганди.

«Умид қиламизки, вақт ўтиб улар ўз қарорини ўзгартиради, сабаби ҳозир бу вазият демократик ва икки биродар халқ тарихи билан ҳеч қандай умумийликка эга эмас. Ҳозирча бу умуман ўйламай қўйилган қадам, у Украина спортига зарар етказади», - дея хулоса қилган россиялик амалдор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина ИИВ раҳбари Арсен Аваков Россия Украина шарқида «янги лазер қуролидан» фойдаланаётганини маълум қилганди.

Мавзуга оид