Жамият | 14:03 / 10.05.2018
5541
4 дақиқада ўқилади

“Ҳалол туризм” бўйича Туркия тажрибаси ўрганилади

Тошкентдаги “Radisson Blu Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Ortadogu Grup” компанияси томонидан ташкил этилган “Ҳалол туризм  йўналишида тажриба алмашинуви, ҳамкорлик ва истиқболли ҳаракат мавзу”сида ўтказилган анжуманда “Ҳалол туризм” ҳақида сўз борди. 

Ўзбекистонга шу кеча кундузда кириб келаётган “ҳалол” ёрлиқли озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда. Яқин-яқиндан минтақада туризм соҳасида ҳам “Ҳалол туризм” атамаси қўлланила бошлади. “Ҳалол туризм” – бу оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп турар жойларда тунаб, сифатли, озода овқатланиш шохобчаларида таомланиш. Камчиқимликни хуш кўрувчи ва исрофдан ўзини тиядиган кишилар учун яратилган хизматдир. 

Фото: Ortadogu Grup

2017 йилда “Ҳалол туризм” бўйича “Crescent Rating” ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистон 28-поғонани эгаллаган. Биринчи ўнталикдан эса Малайзия, Индонезия, Марокаш ва Туркия мамлакатлари ўрин олган. 

Ҳам тарихий, ҳам тил ва маданият жиҳатидан Ўзбекистонга энг яқин мамлакат Туркиядир. Шу боис йилига минглаб ўзбекистонлик сайёҳлар бу кўҳна мамлакатга сафар уюштирадилар. Туркияда туризм минтақадаги бошқа давлатларга қараганда анча ривожланган, айниқса, “ҳалол туризм”.

Фото: Ortadogu Grup

40 йилдан буён нафақат Туркия, балки дунёнинг турли мамлакатларида кўплаб соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келаётган “Ortadogu Grup” компанияси  “Ҳалол туризм” стандартларига тўла жавоб берадиган “Wome Deluxe” оилавий меҳмонхонаси ва “Nisantasi” шифохонаси хизматлари билан тилга тушган. 

Фото: Ortadogu Grup

Анталия шаҳрида жойлашган Wome Deluxe” меҳмонхонаси 2015 йилда бунёд этилган бўлиб, Туркияда “ҳалол туризм” стандартларига жавоб берувчи биринчи меҳмонхона сифатида эътироф этилган. Меҳмонхона биргина 2017 йилнинг 365 куни давомида танаффуссиз 255 минг кишига хизмат кўрсатган.

Унда эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳовузлар, оилавий ҳордиқ чиқариш объектлари, болалар учун ўйингоҳлар, мавжуд ва бу амалиётни Ўзбекистонда қўллаш мамлакат туризми учун катта фойда келтиради. 

– Президентлар Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Шавкат Мирзиёев ўртасида куни кеча ўтказилган учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди. Қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлади. Ўзбекистонликлар Туркия шаҳарлари Истанбул, Анталия ва Бодрумни қанчалик яхши кўрсалар, Туркияда ҳам Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларингизни севувчилар миллионлаб топилади. Биз Ўзбекистонни ота юртимиз деб биламиз ва унинг туризм соҳасида ҳам ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшиш истагимиз бор. Шу боис Ўзбекистонга шунчаки йиғилиш ўтказгани эмас, балки ўз амалиётимизни таништиргани, тажриба алмашгани келдик, – дейди “Ortadogu Grup” компанияси вакили Масуд Мендерес Карабоға.

Фото: Ortadogu Grup

“Radisson Blu Hotel Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган тақдимотда ҳам Туркия, хусусан, “ҳалол туризм” йўналишида фаолият юритаётган “Wome Deluxe” оилавий меҳмонхонаси ва “Nisantasi” шифохонасининг фаолияти ўрнак сифатида кўрсатилиб, Ўзбекистонлик туроператорлар ва туризм соҳаси мутахассисларига бу борада керакли маслаҳатлар, тавсиялар берилди.

Фото: Ortadogu Grup
Фото: Ortadogu Grup
Фото: Ortadogu Grup

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид