Ўзбекистон | 15:37 / 10.05.2018
17768
5 дақиқада ўқилади

Янги қарор: Ирригация институти Олий таълим вазирлиги тизимига ўтказилди

Фото: Ирригация институти

Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлигининг таклифлари асосида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (кейинги ўринларда Институт деб аталади) унинг Бухоро филиали ва академик лицейлари билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимига ўтказилди.

Қуйидагилар Институт ва унинг Бухоро филиалида олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

сув хўжалигида инновацион ресурстежамкор техника ва технологияларни қўллаш, геодезия ва геоинформатика, дарё ва сув омборлари гидрологияси бўйича янги ва замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, ўқув режаси ва фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт бирлигини таъминлаш орқали олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

талабаларга таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича соҳада амалга оширилаётган модернизация ва жорий этилаётган замонавий технологияларга оид янги билим ва кўникмаларни сингдирган ҳолда сифатли таълим бериш;

профессор-ўқитувчиларнинг касбий билими, педагогик маҳорати ва илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириш, хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш орқали манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;

соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг узвий тизимини яратиш, бириктирилган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, уларда сифатли таълим берилишини ташкил этиш; 

олий таълим муассасаларини битираётган кадрларни уз мутахассислиги бўйича ишга йўналтириш, уларнинг касбий фаолияти мониторингини тизимли ташкил этиш.

Белгиланишича, Институт ва унинг Бухоро филиалида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Институт ҳамда унинг Бухоро филиалида қишлоқ ва сув хўжалиги билим соҳаси магистратура мутахассисликларига қабул Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.

Қуйидагилар Институт ва унинг Бухоро филиалида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кадрлар буюртмачиларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

корхона ва ташкилотлар объектларида талабаларнинг амалиётини ташкил қилиш ва устоз-шогирд тизими асосида ўтилишини таъминлаш ҳамда талабаларни ишлаб чиқаришнинг янги меъёрий ҳужжатлари, замонавий информацион дастурий таъминот маҳсулотлари билан яқиндан таништириш;

ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларидан тайинланган малакавий амалиёт раҳбарларига асосий иш жойидан қўшимча иш ҳақларини тайинлаш;

манфаатдор вазирлик ва идоралар тасарруфидаги бошқармалар ва уларнинг таркибидаги корхона ва ташкилотлардан малакали, тажрибали мутахассисларни таълим жараёнида иштирокини таъминлаш;

корхона ва ташкилотларда профессор-ўқитувчиларнинг стажировкалари учун шарт-шароитлар ҳамда кафедраларнинг филиалларини ташкил этиш ва амалий машғулотлар ўтиш имкониятини яратиш.

Кадрлар буюртмачилари талаба билан ўқишни битирганидан сўнг 5 йил ишлаб бериш мажбуриятини белгиловчи шартнома тузиш орқали унинг базавий тўлов контрактини 2-босқичда камида 50 фоиз, 3-босқичда камида 75 фоиз ва 4-босқичда 100 фоиз миқдорда тўлаб бериши мумкинлиги қайд этилди.

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қори Ниёзий кўчаси 39а-уйда жойлашган Тошкент иқтисодиёт ва бизнес касб-ҳунар коллежининг бино- иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда талабалар турар жойи сифатида фойдаланиш учун Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин берилади.

Мавзуга оид