Ўзбекистон | 11:39 / 15.05.2018
13153
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида қўллаб-қувватламоқда

Фото: uz.usembassy.gov

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ва Жаҳон Банки гуруҳи Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ҳукумат мулозимлари ва манфаатдор томонларни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) жараёни ва унинг Ўзбекистон учун потенциал оқибатлари ҳақидаги билимларини оширишга ёрдам бериш мақсадида шу ҳафта Тошкентда “Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини янгидан бошлаш” мавзусида семинар ташкил этади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берган.

Ўзбекистон чегаралар оша савдо-сотиқ оқимини осонлаштиришга қаратилган кўп томонлама ҳаракат учун масъул саналган ЖСТга аъзо бўлиш бўйича саъй-ҳаракатларини қайта тиклашни режалаштирмоқда. Ушбу жараённи аниқ-тиниқ тушуниб олиш аъзоликни кўзлаган Ўзбекистон учун жуда муҳимдир.

Тадбирда ЖСТ ва савдо муносабатлари бўйича катта тажриба орттирган халқаро экспертлар ташкилотга кириш билан боғлиқ мураккаб жараён хусусида сўзлайди ҳамда Афғонистон, Грузия, Қозоғистон ва Тожикистон мисолида ЖСТга аъзо бўлишга оид тажрибалари билан ўртоқлашади.

Семинарда нутқ сўзлаган Халқаро тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги директори Гэри Роббинсга кўра, “ЖСТга аъзолик Ўзбекистоннинг халқаро савдо жамиятига аъзолиги ҳамда унинг аслида бизнес учун очиқ мамлакат экани хусусида бутун дунёга ишора бериши мумкин. Ўзбекистоннинг бу ташкилотга қабул қилиниши унинг ЖСТга аъзо мамлакатлар, жумладан Қўшма Штатлар билан ҳам икки томонлама савдо муносабатларини кучайтиради.”

Семинар Идоралараро кенгаш бошчилигида Ташқи савдо вазирлиги раислик қилувчи ЖСТга аъзолик бўйича йўл харитасининг амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди. Иқтисодиёт вазирлигига қишлоқ хўжалиги, стандартлар, интеллектуал мулк, божхона ва савдо соҳасида хизмат кўрсатиш каби масалаларга жавобгар турли ҳукумат идоралари билан ЖСТга аъзоликни мувофиқлаштириш вазифа этиб юклатилди.

Жаҳон савдо ташкилоти мамлакатлар ўртасидаги савдо тартиб-қоидалари билан шуғулланувчи етакчи халқаро ташкилот саналади. ЖСТга аъзолик бутун дунёда қоида ва тартибларни мунтазам равишда татбиқ этиш орқали рақобатбардошлик ва савдо-сотиқни оширишга ёрдам беради.

Мавзуга оид