Ўзбекистон | 22:17 / 17.05.2018
26252
4 дақиқада ўқилади

Коинотда астронавт, космонавт... ва ўзбек фазогири ҳам бўлади

Фото: Getty Images

Ғарб матбуоти СССР ва АҚШ ҳамкорлигини турлича фарқлар билан ифода этишни хуш кўрган. Масалан, бир хил касб бўлса-да, Нью-Йорк Таймс газетасининг «Астронавт ва космонавтнинг учрашуви» сарлавҳали мақоласи тез орада жуда машҳур бўлиб кетди. Аслида, бу миллатларнинг битта касб эгасини қандай аташидан бошқа нарса эмас. Қолаверса, уларни Германияда - раумфарер, Хитойда - тайконавт, Ҳиндистонда эса виоманавт деб аташади.

Тез орада жаҳон ҳамжамияти янги термин билан танишиб чиқишга мажбур бўлади: фазогир!

Ўзбекистон МДҲда 27 йил мобайнида космонавтика соҳасига ёш мутахассисларни тайёрлаш бўйича Россиядан кейинги ўринда турадиган мамлакат ҳисобланади. Аммо муайян соҳа бўйича эришилган натижалар мақтанишга арзимайди. Ҳар йили ёз фаслида Тошкент вилоятидаги «Коинот» базаси ёнбағир кўркам тоғ ҳудудларида ёш фазогирларни касбга тайёрлаш машғулотларини инобатга олмасак, мамлакатнинг аэрокосмик йўналишдаги ривожи тўхтаб қолгандай.

Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши имзоланганди. Фармойишга кўра, миллий космик фанини ривожлантириш, мамлакатни инновацион равнақ топтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш бўйича таклифларни тайёрловчи Ишчи комиссия тузилди. Космик ва йўлдошли технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсатини ўрнатиш орқали космик соҳани бошқариш устидан бутун бир тизимни яратиш —  Ишчи комиссиянинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қисқа фурсат ичида Франциянинг мудофаа мақсадидаги ҳамда юқори технологик маҳсулотларни етказиб берувчи  Thales International компанияси Ўзбекистон билан сунъий йўлдошлар ва сунъий йўлдош ускуналарини ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилишни режалаштираётгани маълум бўлди.

Хабар қилинишича, комплекс космик тизимлар бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, жумладан, турли мақсаддаги сунъий йўлдошларни учириш ва бошқариш, шунингдек маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш учун Ўзбекистон ҳудудида технологик базани ташкил этиш режалаштирилган. Бундай мақсадлар ҳақида  илк марта Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилганди.

«25 йил давомида бу соҳада фаолият олиб бормадик ва аэрокосмик ҳудудимизда бизда эгалик йўқ. Шундан келиб чиқиб, бу соҳада ҳозир стратегик режалар ишлаб чиқиляпти, қўйиладиган энг катта қадамлардан бири – яқин вақтлар ичида ўзимизнинг сунъий йўлдошларимизни учирамиз. Ўзбекистоннинг аэрокосмик ҳудудида сунъий йўлдошларимиз бўлади. Бунинг натижасида ҳаёт бирданига кескин ўзгаради. Сабаби оддий- телевидениядаги узатишлар, интернет тезлиги ошади. Бу соҳада қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Албатта, қилинадиган ишлардан энг каттаси – аэрокосмик тадқиқотлар ўтказиладиган алоҳида институтлар шакллантирилади», дея айтиб ўтган вазир.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Умаровнинг Kun.uz'га маълум қилишича, «Ўзбеккосмос» агентлигини ташкил этиш бўйича йўл харитаси тасдиқланган.

«Аввало, олдимизда турган вазифалардан бири – космик тадқиқотлар соҳасида ҳуқуқий норматив-ҳужжатлар, миллий қонунчилик базасини шакллантириб, уни бойитишимиз зарур. Шунингдек, мазкур йўналишда катта тажрибага эга бўлган хорижий давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг тажрибаси, камчилик ва ютуқларини ўрганиб чиқиш керак. Ана шундан сўнг, космик агентликни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлари ишлаб чиқилади. Агентликнинг асосий вазифа ва ваколатлари, унинг фаолияти белгилаб берилади. Энг асосий масала эса шу соҳага кадрлар тайёрлаш бўлиб қолади», дейди вазир ўринбосари.

Kun.uz'га маълум бўлишича, космик соҳадаги энг катта янгилик жорий йил сўнгида эълон қилиниши кутилмоқда. Айнан қиш кунларига бориб, агентликни ташкил этиш, хорижий ҳамкорлар масаласига ойдинлик киритилади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид