Жамият | 20:59 / 17.05.2018
9610
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда планшетга қуйма тиллалар жойлаган фирибгар ушланди

Фото: KUN.UZ

Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида йўловчилардан бири тилла қуймаларни яширинча олиб чиқишнинг навбатдаги қинғир усулини “кашф” қилди. Бу ҳақда KUN.UZ манбаси хабар бермоқда.

Деҳлига парвози олдидан фуқаро Н.Ш. божхона чегарасидан яшил йўлак орқали ўтади. Лекин бу билан у жисмоний шахслар учун жорий қилинган енгилликлар ва қулайликларни суиистеъмол қилишга уринган экан.

Пойтахт аэропортида хизмат олиб борувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ушбу шахснинг қинғир қилмиши фош этилди.

Қаранг-ки, фуқаро Н.Ш. божхона ходимларининг кўзини шамғалат қилишга уриниб, пойафзалларининг остки қисмига 79 гр. оғирликдаги тилла қуймаларни яширган экан.

Фото: KUN.UZ

Шунингдек, қонунбузар шу билан кифояланмаган. Унга тегишли багаж ҳам синчиклаб кўздан кечирилганда, юклар орасидаги 1 дона планшетнинг назорат-рентген аппаратидаги тасвирлари шубҳали акс этди.

Шундан сўнг ушбу планшет холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг орасига ҳам жуда юпқа қилиб ишланган 215,8 гр. оғирликдаги қуйма тиллалар яширилганлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид