Ўзбекистон | 09:20 / 19.05.2018
17102
3 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев Учтепа туманига боришди 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида Учтепа туманидаги “Кўкча-Оқтепа” маҳалласига ташриф буюрдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Очиқ тарздаги мулоқот туман ҳудудида яшовчи фуқаролар учун ушбу маҳаллада жойлашган 6-сонли Ички ишлар бўлимида ўтказилди. Учрашувда ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Р.Жўраев, шаҳар прокурори адлия катта маслаҳатчиси Ш.Облоқулов, секторлар раҳбарлари бўлган туман ҳокими, прокурори, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

Учрашув давомида аҳоли вакиллари томонидан шахсий ва кўпчилик аҳолини ташвишга солаётган масалаларга доир муаммолар кўтарилди. Мулоқот жараёнида аксарият мурожаатлар жойида ҳал этилиб, қўшимча ўрганишни талаб қилган масалаларни қисқа муддатларда, тўлиқ ва қонуний ҳал этиш бўйича шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев ва ички ишлар вазири П.Бобожонов тегишли идора раҳбарларига топшириқлар бериб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, ушбу кун вазир ва шаҳар ҳокими 6-сонли Ички ишлар бўлими фаолияти билан танишдилар ҳамда ҳудудда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фаолиятни жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни ўз муддатида ва ҳар томонлама кўриб чиқиб ҳал этиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Шундан сўнг, тумандаги ижтимоий объектларнинг аҳволи билан танишиш, уларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида, 492-сонли мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрилди. Болалар боғчасидаги шароитлар билан танишиш давомида муассаса биносини замон талабларига мос равишда таъмирлаш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пўлат Бобожонов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олмазор ҳамда Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан учрашгани хабар қилинганди. 

Мавзуга оид