Light | 23:45 / 21.05.2018
98792
6 дақиқада ўқилади

Чилангарликдан ҳокимликка қадар босилган машаққатли йўл

Журналистика ҳам ажойиб касб: турли вазиятда, турли кишилар билан ҳар хил мавзуларда суҳбатлашиб, шуларни оққа кўчираверади. Шундай қизиқ кунларнинг бирида "Ҳоким билан бир кун" лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги  Бектемир тумани ҳокими Шопўлат Асқаров билан кун давомида бирга юриб, ҳокимнинг бир кунини кузатишга муваффақ бўлдим. Баҳонада ҳокимнинг айрим хислатларини ўзим учун кашф этдим. Демак, бу мақола ўша кунни эслаб, изоҳ ва шахсий мулоҳазаларим билан тақдим этилади. 

Шопўлат ака ишни барвақт бошларкан, очиғи мен соат 7.00да у киши билан кўчада учрашиб оламан, деб хомтама бўлибман. Шу куни эрта тонгдан ёмғир севалаб турди, шанба куни бўлгани учун ҳоким ҳам ўзи учун қулай кийимда. Иш куни ҳоким ўринбосарлари билан "5 дақиқалик" мажлис қилишдан бошланди. Кун давомида бажарилиши лозим бўлган ишлар тақсимоти, вазифалар белгилаб олинди. Бу худди майдонга тушишга тайёрланиб турган америкача футбол ўйинчиларининг режасига ўхшарди.

Шопўлат Асқаровнинг айтишича, у одатда кунни Бектемир туманидаги шоҳкўчаларни айланишдан бошлайди. Ҳоким ўзига ажратилган машинада айланиб, тумандаги ободонлаштириш ишлари, ноқонуний қурилиш ва ташкилий масалаларни танқидий кўриб чиқишга имкон топади. 

"Бугун - ёмғир. Ички йўлларнинг аҳволини синаб олиш учун айни муддао", дейди у. 

Йўл-йўлакай "Қўйлиқ улгуржи бозори"га бир кириб ўтдик. Ҳокимнинг таъкидлашича, айнан Қўйлиқдаги нархлар бутун шаҳардаги савдо расталарига таъсир қилади. Негаки, Қўйлиқ бозори шаҳардаги бошқа савдо марказлари учун асосий донор ҳисобланади. 

"Нархларни маъмурий буйруқбозлик билан жиловлаб бўлмайди. Аксинча, етишмаётган маҳсулотларнинг нархи сунъий кўтарилиб кетмаслиги учун махсус чора-тадбирлар ўйлаб қўямиз", дейди раста оралаб нархларни ўрганиб кетаётган ҳоким. 

Туман ҳокими ўтирган машинанинг кетидан ободонлаштиришга масъул ходим ҳам изма-из юрибди. Гоҳ-гоҳида Шопўлат ака унга топшириқ беради: "Кўчани кўрдинг-а?! Сув тўпланиб қолибди". 

Очиғи, ҳокимлар айни замонда қурилиш ишларининг ҳам билағонига айланибди. Биз замонавий типда барпо этилаётган маҳалла гузарларининг бир нечтасига бордик. Кўзга ташланган жиҳати, ҳоким ишларни шунчалар дуруст ташкил этганки, бундан на маҳаллий аҳоли, на қурилишга ҳомийлик қилаётган тадбиркор хафа. 

Ишларни жонлантириб туриш учун, шанба куни бўлишига қарамай ишлаётган туман Халқ қабулхонасига ташриф буюрдик. У ерда дадаси билан ишга келган Мубина сурат чизиб ўтирганди. Қолганлар халқни тинглаяпти, қўлдан келганча муаммолар ечимини топиши учун ҳаракат бор. 

Ҳоким шу куни ўзи раҳбарлик қиладиган 1-секторга борди, аҳоли мурожаатларини эшитиб, жойида ҳал қилиш бўйича ҳаракатлар кузатувчини қувонтириб турибди. Туманда йирик болалар майдончаси, аҳоли дам олиш маскани қурилмоқда. Бунга ҳам бордик. Орада ижтимоий ёрдам сўраган, уйга муҳтож оиланинг мурожаати асосида таъмирланаётган хонадонга кирдик, ҳоким усталарга кўрсатма берди. 

"Бу хонадон, насиб қилса, туманимизда бир уйсиз оилага бошпана бўлади. Шунга ҳаракат қиляпмиз", дейди мамнун оҳангда у. 

Тушликка қадар, туманга 2 миллион доллардан ортиқ инвестиция олиб киришни мўлжаллаб қўйган сармоядор билан музокаралар бўлди. 

"Гарчи туманда йирик ишлаб чиқариш заводлари, корхона ва компаниялар сони кўп бўлса-да, улардан тушган солиқ ва бошқа даромадлар туман тасарруфига ўтмайди. Шунинг учун, кўпроқ тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, шу ерда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳақида ўйлайман", дейди ҳоким туманда тиббий шприц ишлаб чиқариш заводи қуришни таклиф қилган ишбилармонни кузатиб.

"Мен доим нонушта қиламан, чунки тушликни қачон қилишимни билмайман. Кутилмаган, қолдириб бўлмас ишлар чиқиб қолиши мумкин. Аммо эрталабки таомни оилам билан бир дастурхонда қилолмайман, мен ишга чиқиб кетаётганда, улар уйқуда бўлади", дейди Шопўлат ака.

Туман ҳокими, рости, унақа дабдабага берилмай тушлик қилади. Соат миллари 14.00дан оғиб қолгач, бирга тушлик қилдик. Яна замонавий маҳалла гузарлари қурилиши, халқ мурожаати...

Кун ботишга яқин ҳоким ўринбосарлари бирин-кетин телефон орқали қўнғироқ қилишни бошлашди. Кун бошида айтилган вазифалар юзасидан ахборотлар билдирилди. Кейин барча ҳокимлик мутасаддилари бир бўлиб, "Обод маҳалла" дастурига киритилган ҳудудлар бўйича иш олиб боришди.   

Мен чин кўнгилдан ҳокимнинг ишларига омад тилаб, уйга минг хил хаёл билан қадам босдим. Ҳоким сўзи ҳам эскирибди, энди улар супервайзер, менежер. Шопўлат Асқаров билан ўтказган бир кунимдан сўнг, эртасига анча чарчаб, тўйиб ухладим. Уйғониб, соатга қарадим: 8:55. Ҳа, Шопўлат ака ҳойнаҳой Қўйлиққа етиб борган бўлса ажаб эмас.

YouTube

Tas-IX

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид