18:58 / 22.05.2018
4409

Халқаро эпизоотик бюро ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси қатнашмоқда

Жорий йилнинг 20 май куни Франциянинг Париж шаҳрида Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (Халқаро Эпизоотик Бюро) ассамблеясининг 86-Бош сессияси ўз ишини бошлади. Унда дунёнинг 181 мамлакатидан 800 нафарга яқин делегат, хусусан Давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Фото: Давлат ветеринария қўмитаси матбуот хизмати

Халқаро Эпизоотик Бюрога жаҳоннинг 181 мамлакати аъзо бўлиб, ташкилотнинг олий органи – Делегатларнинг Бутунжаҳон Ассамблеяси ҳар йили май ойида Бюронинг Париж шаҳрида жойлашган бош қароргоҳида ўз сессиясини ўтказади.

Бош Ассамблеянинг жорий йилда ўтказилган сессиясида ҳайвонлар касалликлари соҳасида янги халқаро стандартлар қабул қилиниши, хусусан, ҳайвонлар касалликларига қарши курашиш, шунингдек, ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликларга қарши курашиш (уларнинг назорати) ҳамда ҳайвонларни муҳофаза қилиш соҳасида, халқаро савдо-сотиқ алоқаларида озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, чорвачилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш каби соҳаларда долзарб масалалар кўриб чиқилиши белгиланган.

Фото: Давлат ветеринария қўмитаси матбуот хизмати

Бош сессиянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов сўзга чиқди. У Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, ветеринария соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, соҳада эришилган ютуқлар ва натижалар ҳамда Халқаро Эпизоотик Бюро билан Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигининг янги даври бошланишига доир фикрларини илгари сурди.

Халқаро Эпизоотик Бюро ассамблеясининг 86-Бош сессияси 25 майга қадар давом этади.

Top