Ўзбекистон | 10:43 / 25.05.2018
6354
2 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоров Жаҳон банки гуруҳи вакиллари билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг Жаҳон банки гуруҳининг иқтисодий ривожланиш бўйича катта директори Шанта Девараджан ва Жаҳон банкининг Ўрта Осиё бўйича ҳудудий директори Лилия Бурунчук билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Учрашув давомида мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги ҳолати, эришилган натижалар ва Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ривожланиши учун зарур ислоҳотларнинг келажакда амалга оширилиш истиқболлари юзасидан музокаралар олиб борилди.

Хусусан, мамлакат миқёсида макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланиши, нархларни янада эркинлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Музокаралар давомида алоҳида эътибор сармоявий лойиҳалар ва техник кўмаклашиш лойиҳаларининг амалга оширилишидаги истиқболли ҳамкорликка қаратилди.

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Вазирлик мутахассислари томонидан Жаҳон банкининг республикада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда стратегик ҳамкор бўлиб келаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жамшид Қўчқоров «Газпромбанк» эксперт гуруҳи билан музокаралар ўтказганди.

Мавзуга оид