Жамият | 11:49 / 31.05.2018
7793
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида автомашина ўғрилари қўлга олинди

Иллюстратив фото

Тошкент вилоятида енгил транспорт воситасини олиб қочган шахслар қўлга олинди, деб хабар бермоқда Тошкент вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси. Маълумотларга кўра, 2018 йил 27 май куни Бўстонлиқ туман ИИБга Тошкент Ахборот технологиялари универститети 2-босқич талабаси Х.Р. ариза билан мурожаат қилган. 

У Бўстонлиқ тумани, Ғазалкент шаҳри, Бўстон маҳалласи, Бўстон кўчасида жойлашган “Ғазалкент орзу” МЧЖга қарашли ҳаммом олдидаги автотураргоҳидан ўзини “Ойбек” деб таништирган шахс ва унинг 3 нафар номаълум шериклари қаровсиз қолдирилгани, эшиги очиқ ва калити ўт олдиргичда қолганлигидан фойдаланиб, бошқарувида бўлган «Ласетти» русумли автомашинасини олиб қочиб кетишганини маълум қилган. 

Ҳодиса жойида олиб борилган терговга қадар текширув ишлари натижасида 2018 йил 27 май куни соат 11.00 ларда, С.Ғоипов, муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланган О.Маменов, муқаддам босқинчилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этганлиги учун судланган А.Закиров ва Б.Ускеновлар “Роҳат” ҳалқа йўлида Х.Р. бошқарувидаги автомашинани тўхтатиб, автомашинага йўловчи сифатида ўтиришган. 

Улар ўзларини Бўстонлиқ тумани ҳудудидан гилос мевасини сотиб олиш учун кетаётганликларини айтишган ва Бўстонлиқ туманига олиб бориб қўйишни сўрашган ва шу куни соат 13.40 ларда юқорида кўрсатилган ҳаммомга келишган. Соат 17.20 ларда Х.Р.ни ўзлари билан бирга ҳаммомга олиб киришган, Х.Р. чўмилаётганидан фойдаланиб автомашинасини олиб қочиб кетганликлари аниқланган. 

Тезкор тадбирлар натижасида С.Ғаниев «Ласетти» русумли автомашинани Паркент тумани, Чоккай маҳалласида бошқариб кетаётган вақтида аниқланиб, ушланган. Б.Ускенов ва А.Закиров Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Қўйлиқ даҳаси ҳудудида қўлга олинган. О.Маматов Юқоричирчиқ тумани, Янгибозор қўрғони ҳудудида ушланган. Автомашина соз ҳолда эгасига қайтарилган.
 
Бўстонлиқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Маълумки, ЖКнинг суд маҳкамаси гумондорларни 267-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топса, уларга ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаши мумкин. 

Мавзуга оид