Жамият | 19:32 / 01.06.2018
49586
10 дақиқада ўқилади

Фермерлиги ноқонуний қарор асосида тугатилган муштипар аёл қиссаси

Фото: KUN.UZ

Охирги 2 йилга яқин вақт давомида Ўзбекистоннинг барча жабҳасида жиддий ислоҳотлар ўтказилмоқда. Хусусан, тадбиркорликни ривожлантиришга доир президент ва ҳукумат фармон-қарорлари қабул қилинмоқда. Бундан ташқари республикадаги иқтисодий-ижтимоий ва бошқа муносабатларни тартибга солувчи қонунлар ва қонуности ҳужжатлари мавжуд. Бунда барча томон, давлат ёхуд хусусий корхонами, фуқароми қатъи назар мазкур ҳужжатлар асосида ўз фаолиятини йўлга қўйиши талаб этилади.

Аммо, афсуски, Kun.UZ сайтига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар бўйича ўрганишларимиз давомида мавжуд қонунлар талаблари бузилиши, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан расмий ҳужжатлардаги талабларни менсимаслик ё бўлмаса кўр-кўрона уларга амал қилмаслик, четлаб ўтиш ҳолатларига дуч келмоқдамиз. Баъзи ҳолларда, шахсий адоват сабаб мансабини суиистеъмол қилишлар ҳам кўзга ташланмоқда.

Айни шу каби ҳолатлар натижасида вужудга келган тортишувларга одилона ва холис баҳо бериши керак бўлган идора – суд маҳкамалари эса, мавжуд далиллар ва ҳужжатларга бармоқ орасидан қарамоқда. Қуйидаги мақолада шундай ачинарли ҳолат, тадбиркор бир аёл фермернинг аянчли тақдири ҳақида сўз боради. Қайд этиш керак, мазкур 2012 йилдан бери чўзилиб, узил-кесил ҳал бўлмаётган масаладир.

Таҳририятимизга Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги собиқ “Зебо Ситора” фермер хўжалиги бошқарувчиси Дилором Зайниева мурожаат қилди. Биз муаммони жойида ўрганиш мақсадида Сурхон воҳасига сафар қилдик. Даставвал, Дилором опа билан учрашиб, унинг муаммоси нимадан иборат эканига қизиқамиз.

Унинг айтишича, даставвал у 1999 йилда ташкил этилган “Бекмурод” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси бўлган. Сўнгра, 2012 йил бошида туман ҳокимиятидагиларнинг сўзларига кўра, фермер хўжалигини синглисининг номига қайта ташкил этган, 2012 йил 25 февралда туман ҳокимининг “Зебо-Сетора” номли фермер хўжалигига С.Сатторов СИУ ҳудудидан жами 56,6 гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилиши бўйича 153-сонли қарори чиққан.

“Ноқонуний олиб қўйди, деб айтишимнинг асл сабаби шундаки, 1999 йилдан отам ташкил этган “Бекмурод” фермер хўжалигини ўзимга қайта расмийлаштириб, бошқариб келар эдим. Орадан 13 йил ўтгач, яъни 2012 йили Музработ туманининг ўша вақтдаги ҳокими Азамат Хўжамқулов сув чиқарган жойимга 24 гектарига ғалла, 20 гектарига пахта экканимга қарамай, туман кадастр бўлими бошлиғи Сирож Давлатовнинг 2012 йил 14 апрелдаги тақдимномаси ва чигит экишга режалаштирилган ер майдонларини мониторингдан ўтказиш гуруҳининг 2012 йил 14 апрелдаги сохта далолатномасига биноан туман ҳокими 2012 йил 24 апрелида 276-сонли қарорини қабул қилган. Бунда “Зебо-Ситора” фермер хўжалигининг “Музработпахта” ОАЖ ва “Сурхондарё дон маҳсулотлари” ОАЖ билан шартномалари мавжудлигига эътибор қаратишмади”, - дейди Д.Зайниева.

Зайниеванинг айтишича, туман кадастр бўлими бошлиғи С.Давлатов унинг собиқ турмуш ўртоғи бўлиб, шахсий адовати йўлида мансабидан фойдаланган. Ер олиб қўйилгач, 24 гектар ердаги пишган ғалла талон-тарож қилинган, чунки “Зебо-Ситора” фермер хўжалиги тугатилгач, гўёки унинг шартномалари ҳам бекор бўлган ҳисобланган, унинг ҳудуди бошқа фермерга қўшиб берилгани, у эса бу ҳудуддан ғалла ва пахта топшириш шартномаси бўлмагани сабабли мазкур ерларга экилган экинлар талон-торож қилинган. Буни бизга тақдим қилинган видеолавҳалар ҳам тасдиқлайди.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратишни истар эдик. Бир вақтлар бўз ва шўр ер ҳисобланган салкам 57 гектар ер фермерлар ўртасида қўлма-қўл бўлган. Музработ тумани ҳокими 13 йил мобайнида бир киши томонидан фойдаланиб келинган, қолаверса Музработ Занг каналидан сув чиқарилган ерни фермерларга ижарага бериш бўйича 2012 йил 24 майидан 2015 йил 27 декабрга қадар 4 марта қарор чиқарган.

Д.Зайниеванинг сўзларига кўра, шу ҳудуддаги дала шийпони ўрнида ўтган асрнинг 80-йилларида тепаликлар ва унумсиз бўз, шўр ерлар бўлган. Унинг отаси Бекмурод Зайниев айни шу ерларни ўз кучи ва маблағи билан ўзлаштирган ҳамда ободонлаштирган. Ташландиқ ва қаровсиз ҳолдаги ерга Занг каналидан сув чиқарилганини Музработ туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг 2017 йил 11 апрелдаги 111-сонли маълумотномаси ҳам тасдиқлайди.

Кейинчалик иш суд маҳкамаларида давом этган ва Сурхондарё вилояти хўжалик суди ишни кўриб чиқиб, 2012 йил 12 октябрда Музработ туман ҳокимининг 2012 йил 24 апрелдаги 276-сон қарорини ҳақиқий эмас, деб топган. Аммо, вилоят прокурори ҳал қилув қарорига бир ёқлама ёндашиб, масаланинг моҳиятига, яъни муаммонинг келиб чиқишига сабаб бўлган жиҳатга эътибор қаратиш ўрнига, бу суд иши фуқаролик судловига тегишли, деган протест киритган.

Шундан сўнг, «Зебо-Ситора» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Д.Зайниева фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритган. 2013 йил 26 февралда судья А.Норбоев ишни етарли даражада жиддий ўрганмаса-да, даъвогар фойдасига хулоса қилиб, ҳокимнинг айнан 276-қарорини ҳақиқий эмас, деб топган.

Афсуски, иш шу билан якунига етмаган. Судья Норбоев 2013 йил 6 апрелида номаълум сабабларга кўра, гарчи ишда янги ҳолатлар аниқланмаган бўлса-да, ўзининг 26 февралдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ҳокимлик фойдасига хулоса қилган. Кейинроқ, Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанцияси ҳам масалага бир томонлама ёндашган. Бундай дейишга асос шуки, мазкур суд маҳкамаси туман ҳокимига асос бўлган далолатнома ва тақдимномалар ноқонуний тузилгани, шунга биноан ҳоким қарори ҳам асоссиз экани, қолаверса, “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонун ва Ер кодекси талаблари бузилганига эътибор қаратмаган.

Биз масалани бир томонлама ўрганишдан йироқ бўлиш мақсадида Музработ туман ҳокимлигига бориб, туман ҳуқуқшуноси Ҳамид Эшмуродов билан учрашдик ҳамда туман кадастр бўлими ходими ҳамроҳлигида “Зебо-Ситора” фермер хўжалиги ўрнида фаолият юритаётган фермер хўжаликларида иш қандай ташкил этилганига қизиқдик.

Тошкентга қайтганимиздан сўнг, масаланинг моҳиятини чуқурроқ тушуниш ва муаммонинг негизи қаерда эканига ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров билан учрашдик.

Чорихон Қодиров ушбу муаммони жиддий ўрганиб чиққани, барча жараёнлардан хабари борлигини айтар экан, бугунги кунда суд маҳкамасини қайта тиклаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Судига илтимоснома киритилгани ва эндиликда масалага Олий Суд узил-кесил нуқта қўйишини таъкидлади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров

Ч.Қодировнинг фикрича, “Зебо-Ситора” фермер хўжалигининг тугатилишида қуйидаги ноқонуний ҳолатлар рўй берган.

  1. Далолатнома тузилишининг ўзи ноқонуний амалга оширилган.

     а) фермер иштирок этмаган

     б) далолатномага қўшилган фотосуратлар жойи, вақти номаълум

     в) ушбу фотосуратларда фермер ва далолатномага имзо чекувчилардан бирор киши      

        бўлсин акс этмаган

     г) холис кишилар иштироки таъминланмаган

     д) далолатномада қайд этилган ва ижара асосида деҳқончилик қилгани айтилган    

         фуқаронинг шахсига аниқлик киритилмаган ва ҳакозо.

  1. Айни шу ноқонуний далолатнома асосида туман ҳокимининг 276-сонли қарори қабул қилинган. Ваҳоланки, фермер хўжалигининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тасдиғини топган тақдирда ҳам барча ҳужжатлар тўпланиб, судга топширилиши, суд маҳкамасининг ҳал қилув қарори билан фермер хўжалиги тугатилиши керак эди.
  2. Фермернинг даъво аризаси дастлабки икки суд мажлисида қаноатлантирилган бўлса-да, вилоят прокурори суд ишига асос бўлган жиҳатга эътибор қаратмаган. Шунчаки, ишни фуқаролик суди кўриб чиқиши кераклигини билдирган. Прокурор бу ерда ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатини кўриб, у бўйича жиноий иш қўзғатиши лозим эди.
  3. Кейинги 2 инстанция судлари эса, масалага юзаки ёндашиб, далолатнома нотўғри тузилгани, айни шу нотўғри далолатнома асосида ҳоким қарор қабул қилгани, аслида ҳоким ўз қарорини ўзи мустақил равишда бекор қила олмаслиги, суд қарорига биноан бекор қилиши мумкинлигига эътибор беришмаган. Шу билан мазкур икки инстанция ноқонуний қарорни қўллаб-қувватлаган.

Шу боисдан ҳам фермер хўжалигининг ноқонуний тугатилиши билан боғлиқ муаммо бугунги кунгача давом этиб келмоқда. Тез орада, Олий Суд ушбу масалада ўз фикрини айтиши керак. Бундан ташқари далолатнома ва тақдимнома, шунингдек ҳоким қарори юзасидан мутасадди идоралар ҳам хулоса беради, деб ишонч билдирамиз. Шундан сўнг, KUN.UZ бу масаланинг ечими қандай якунланганига яна қайтади.

Мавзуга оид