Ўзбекистон | 09:38 / 02.06.2018
3013
6 дақиқада ўқилади

Адлия бўлимлари томонидан инсон ҳуқуқлари ҳимояси масаласи чуқур ўрганилмоқда

Фото: Getty Images

“Инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб...”

Мамлакатимиз бош қонунининг муқаддимаси айнан шу жумлалар билан бошлангани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига тўлиқ риоя этилиши, улар давлат томонидан муҳофаза этилиши ва таъминланишини бутун дунёга эълон қилди.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Адлия вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Мазкур ислоҳот вазирликнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаолиятида ҳам тизимли ўзгаришларни амалга оширишни кўзда тутади.

Эндиликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия органлари билан бирга янгидан ташкил этилаётган туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳам амалга оширади. Фармон билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш туман (шаҳар) адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Шунингдек, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши бўйича чоралар кўради. Бундай чора сифатида тегишли ташкилотларга инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш юзасидан тақдимномалар киритиш, айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритиш, фуқаронинг манфаатини кўзлаб судларга аризалар ва даъволар тақдим этишни киритиш мумкин.

Ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, Сурхондарё вилоятидаги туман (шаҳар) адлия бўлимларига инсон ҳуқуқлари ҳимояси масаласида жами 32та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 21таси қаноатлантирилган бўлса, 11та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Жумладан, фуқаролар Х. Чориев, Н. Холмуратов, П. Суюндиков, Х. Нормуродова Термиз шаҳар адлия бўлимига мурожаат этиб, пенсияга чиқиш учун иш ҳақи ҳужжатларининг ўзига тегишли эканлиги фактини суд тартибида белгилаб беришда амалий ёрдам беришни сўраган. Ушбу фуқароларнинг манфаатларида Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига киритилган даъво аризалари тўлиқ қаноатлантирилган.

Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғида яшовчи Улуғбек Рўзимов Урганч туман адлия бўлимига “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ишдан бўшатилганидан норози бўлиб, ишга қайта тикланишида ёрдам беришни сўраб мурожаат этган. У. Рўзимовнинг манфаатида “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ киритилган тақдимнома қаноатлантирилиб, У. Рўзимов ўз ишига қайта тикланган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақатгина тақдимнома ёки даъво аризалари киритиш билан ҳал этиладиган масала эмас. Бунга, аввало, фуқароларнинг янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлигини ошириш, уларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш орқали ҳам эришилади. Туманлар адлия бўлимларининг бу борадаги ишлари самарали бўлаётганлиги ташкилотлар ва фуқаролар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Жумладан, Жиззах вилояти Зомин тумани адлия бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар тумандаги 31-мактаб раҳбарияти томонидан ҳам юксак баҳоланган. Туманда адлия бўлими очилиб, бўлим ходимлари педагог ходимларга қонунларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганишда яқиндан ёрдам бераётганлигидан миннатдор эканлиги мазкур таълим муассасаси жамоаси томонидан эътироф этилган.

Ушбу тумандаги “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинига қонунлар, президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорларининг ўрганилиши ва ижро этилишида адлия бўлимининг кўрсатган амалий ёрдами маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан тузилган маълумотномада ҳам ўз аксини топди. “Зомин туман адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалиётда қўллаш бўйича тушунтиришлар берилиб, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ва тарғиб қилишда бўлим ходимлари билан мунтазам ҳамкорлик олиб борилмоқда”, – деб қайд этилади маълумотномада.

Бу каби мисолларни бошқа туман (шаҳар) адлия бўлимлари фаолиятидан ҳам етарлича келтириш мумкин. Буларнинг барчаси эндигина ташкил этилган туман (шаҳар) адлия бўлимлари ишга катта куч билан киришганлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада ишончли ҳимоя қилинишини, бу борада адлия бўлимлари фуқароларнинг энг яқин ҳимоячисига айланишини кўрсатиб турибди.

Эслатиб ўтамиз: Туман адлия бўлимлари фаолияти ҳақида ёки инсон ҳуқуқлари масаласида мурожаатларингиз бўлса, 1008 рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки [email protected] электрон почтасига хабар жўнатишингиз мумкин.

“Адолат” нашриёти бош муҳаррири  А.Омонов
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси масъул ходими З.Мустафақулов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид