Спорт | 09:01 / 03.06.2018
14332
2 дақиқада ўқилади

Бугун жаҳон чемпионати тўпи коинотдан Ерга қайтарилади

Фото: Роскосмос

3 июнда МКС-54/55 миссияси экипажи “Союз МС-07” капсуласида Халқаро коинот станциясидан (ХКС) жаҳон чемпионати тўпи билан бирга Ерга қайтади. 

Ерга қайтаётган фазогирлар орасида россиялик Антон Шкаплеров ҳам бор. У ХКСга 24 мартда фазогир Олег Артемьев томонидан етказилган тўпни Ерга олиб тушади. Артемьев айтганидек, вазнсизликда бўлган тўпдан жаҳон чемпионатининг Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги биринчи ўйинида фойдаланилади.

Ерга қайтаётган фазогирлар капсуласи станциядан Тошкент вақти билан соат 14.16да ажралади ва Ер атмосферасига соат 17.17да киради. Капсула соат 17.41да Қозоғистондаги чўлга қўниши кутилмоқда. Шу муносабат билан капсула қўниш жойига 4 та ПЭМ-1 ва ПЭМ-2 "Кўк қуш"  қидирув-эвакуация машиналари жўнатилган. Фазогирларни қидириш амалиётида 200га яқин ҳарбий иштирок этади. 

Ерга, шунингдек NASA фазогири Скотт Тингл ва япон фазогири Норишиге Канаи ҳам қайтади. Ерга қайтаётган экипаж ХКСда 168 кун ўтказди. Станцияда россиялик Олег Артемьев, америкалик фазогирлар Эндрю Фойстел ва Ричард Арнольд қолади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид