Жамият | 19:03 / 04.06.2018
54974
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги университетлардан бирида 25 талаба ўқишдан четлатилди. Ким ҳақ?

Фото: gubkin.uz

Интернет тармоқларида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (миллий тадқиқот институти)нинг Тошкент шаҳридаги филиали талабаларининг мурожаати тарқалди

Мурожаатга кўра, университетда бир ва ундан ортиқ академик қарзлар учун ёппасига 25 талаба ўқишдан четлатилган. Талабаларнинг таъкидлашича, университет маъмурияти уларга туҳмат қилиб, ҳеч қандай исбот ва далилларсиз ўқишдан четлатган. 

"Бизнинг жамиятимизда нима учундир ўсиб келаётган авлоддан ўз позицияси ва фикр-мулоҳазасига эга бўлмаган шахсларни етиштириб, нафақат ўзини, балки ўз дўстларини ҳам ҳимоялашга ҳаракат қилганларни ёқтиришмайди. Раҳбарлик қилиш у ёқда турсин, шунчаки фикрлаш ва ўз нуқтаи назари ва ҳаётий позициясини ҳимоя қила олмайдиган кадрлар етишадиган бўлса, келажакда бизнинг давлатимизни нима кутади", - деб ёзишади талабалар.

Талабаларнинг таъкидлашича, қонунчиликка мувофиқ, академик қарзлар учун курсда қолдирилади, лекин ўқишдан буткул четлатилмайди. 

"Биз таълим учун ўз ҳуқуқимизни талаб қилиб курашаётган бир пайтда филиалда бир вақтнинг ўзида ҳам огоҳлантириш, ҳам хайфсан олган талабаларга нисбатан салбий муносабат билдириш давом этмоқда (125 нафар талаба, умумий талабалар сонидан 15 фоизи). Нефть ва газ соҳасини танлаб, ўз орзусидаги университетга киришга ҳаракат қилган ёшлар олий маълумотга эга бўлмаган кишилар сафига қўшилиши мумкин, зеро университетда ўқитувчи ва талаба ўртасида низо кетмоқда, ўзаро тушуниш, қўллаб-қувватлаш йўқ, педагогнинг ўз билимларини талабалар билан бўлишиш йўли орқали ривожланишга туртки берувчи устоз-шогирд анъаналари йўқ", - дея таъкидлашмоқда талабалар.

Бундан ташқари, мурожаатга кўра, 2018 йилнинг 3 майида 100 дан зиёд талабага огоҳлантириш ва хайфсанлар эълон қилинган, зеро энди ҳатто бир фандан қарзи бўлган ёки дарсларни қўйиб юборган ҳар қандай талаба ўқишдан четлатилиши мумкин.

"Ҳозир ёшларнинг ривожланиши учун шундай кўп ишлар қилинаётган бир даврда бундай ёппасига ўқишдан четлатилиш келгусида қатор омиллар натижасида керакли мутахассислар етишмовчилигини юзага келтириши мумкин. Биз мамлакатимиз номини танитмоқчимиз, бироқ раҳбарият томонидан билдирилаётган сўнгги адолатсизликлар орзуимизга эришишга имкон қолдирмайди", - деб ёзишади талабалар ўз мурожаатида.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz Тошкент шаҳридаги И.М.Губкина номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали билан боғланди. 

Kun.uz билан суҳбат давомида факультет декани Равилов Шавкат Мугавеевич умумий ҳисобда университет филиалидан 25 талаба эмас, 23 нафари ўқишдан четлатилганини қайд этди. Шулардан 22 талаба академик қарзлари учун, 1 талаба эса ахлоқий меъёрлар ҳамда таълим муассасаси ички қоидаларини бузгани учун ўқув жараёнидан четлатилган.

Факультет декани Равилов Шавкатнинг таъкидлашича, юқорида қайд этилган талабаларнинг барчасига икки марта қайта топшириш имкони берилган. Талабалар эса берилган вазифалар ҳамда имтиҳонларни муваффақиятли топшира олишмаган. Деканнинг фикрича, барчаси қонун доирасида ва университет филиали низомига мувофиқ амалга оширилган.

Университет филиалида шунингдек ўқишдан четлатилган талабаларнинг ота-оналари билан учрашув бўлиб ўтган.

Маълумотларга кўра, филиал талабалари Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонаси ва бошқа тегишли идораларга мурожаат қилишган.

Факультет деканининг айтишича, ўқув жараёнларидан четлатилган талабалар шунингдек адвокатлар ёллашган, бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари ҳужжатларни кўриб ҳамда далилларни тинглаб талабалар манфаатларини ҳимоялашни рад этишган.

Ким ҳақу ким ноҳақ? Умид қиламизки, бу иш билан тегишли ташкилотлар шуғулланишади. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, агар талаба яхши баҳоларга ўқиса ва барча вазифаларни бажаришни уддаласа, унга нисбатан қандайдир чоралар кўрилиши амри маҳол. 

Мавзуга оид