Ўзбекистон | 18:04 / 04.06.2018
4464
2 дақиқада ўқилади

Жамшид Хўжаев Брюсселда ЕИ билан савдода янги имтиёзларни муҳокама қилади

Фото: Халқаро пресс-клуб

5-8 июнь кунлари ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бельгияда расмий ташриф билан бўлади. Делегация у ерда Ҳамкорлик бўйича қўмитанинг 15-йиғилишида ва Ўзбекистон-Европа Иттифоқи иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмитасининг 13-йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берган.
 
Ўзбекистон Европа Иттифоқидан янги савдо имтиёзларини кутмоқда. Европа Иттифоқи билан савдо шартларини яхшилаш бўйича қадамлардан бирига, Ўзбекистон томонидан Умумий имтиёзлар плюс тизими доирасида Европа Иттифоқининг бир томонлама тариф имтиёзларини олиши айланиши мумкин. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Умумий базавий имтиёзлар тизимидан фойдаланади. Унга кўра, мамлакат Европа Иттифоқига 3000 дан ортиқ товарларни божхона тўловларисиз ва 3 200 товарларни пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиши мумкин. 
 
Делегация таркибига Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Шуҳрат Вафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров ва адлия вазирининг ўринбосари А.Тошқулов киради.

Ҳамкорлик бўйича қўмита ва Ўзбекистон-Европа Иттифоқи иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмитаси йиғилишида иштирок этишдан ташқари, делегация аъзолари ЕИ мамлакатларининг ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам учрашади. Ташриф кунларида Сармоялар ва савдо бўйича Фландр агентлиги, Европа Савдо-саноат палаталари ассоциацияси, Брюссель Савдо ва саноат корхоналари ассоциацияси, Экспорт ва инвестициялар бўйича Валон агентлиги, шунингдек, Европа парламентининг депутатлари билан учрашувлар режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид