Ўзбекистон | 15:45 / 05.06.2018
136752
3 дақиқада ўқилади

«Қодиров иши» иши доирасида 21 киши қамоққа олинган

5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура биносида прокуратура ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифинг Ўзбекистон Республикасида ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси мавзусида брифинг ўтказилди. Йиғилиш очиқ савол-жавоб тарзида ўтказилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашиджон Қодиров иши бўйича 21 киши қамоққа олинган.

«Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан собиқ бош прокурор лавозимида ишлаган Рашиджон Қодировга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнида собиқ бош прокурор томонидан пора эвазига лавозимга тайинлаш, пора олиш ва бошқа жиноят аломатлари аниқланган. Ҳозирда 24 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган. Шулардан 21 нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳолатлари ҳануз давом этмоқда. Тергов якунлари бўйича  ОАВга албатта маълумот берилади», - дея Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мансур Ўроловнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

24 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушлангани маълум қилинганди. Қодировга нисбатан «Товламачилик», «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» моддалари бўйича жиноят иши очилган. Шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари бўлмиш Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ушланган.

Прокуратура вакили «Қодиров иши» доирасида қўлга олинган бошқа собиқ амалдорлар номларини ошкор этмаган. 

Бундан аввалроқ ОАВда Рашид Қодиров кўрсатмаларидан кейин адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи, «Юнусобод адвокатлар коллегияси» раҳбари Муҳаббат Ҳасанова, уларнинг ўғли, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев, Мирағлам Мирзаевнинг жияни (Миръазам Мирзаевнинг ўғли), МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва ууюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи Мансур Мирзаев қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши очилгани айтилган, аммо бош прокуратура бу хабарларни тасдиқламаганди.

Шунингдек, Рашиджон Қодировнинг ўғли Алишербек Қодиров Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилган.

Мавзуга оид