Спорт | 19:34 / 06.06.2018
2633
3 дақиқада ўқилади

Япониялик малакали спорт шифокорлари Ўзбекистонга келади

Фото: МОҚ ахборот хизмати

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан бевосита танишиш, мусобақа ташкилий қўмитаси раҳбарлари билан учрашиш мақсадида Японияга борди.

Ўзбекистон МОҚ раҳбари кунчиқар юртда 2020 йилги Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитаси ва мамлакат спорт ассоциацияси вице-президенти, Япония вакиллар палатаси аъзоси Тошиаки Эндо билан кўришди. Учрашув давомида томонлар Олимпия ва Паралимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ташкилий ва бошқа масалалар бўйича фикр алмашишди.

«Токиодаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон катта спорт делегацияси билан иштирок этишни режалаштирмоқда. Зиммамизда айни пайтда қандай масъулият турганини жуда яхши ҳис қилиб турибмиз. Мақсадимиз Риодаги Олимпия ўйинларидан ҳам яхшироқ натижа қайд этишдир. Биз навбатдаги Олимпия ўйинларига тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганмиз. Ўйинлар бошланишига яқин мамлакат иқлимига, маҳаллий шарт-шароитга мослашиш мақсадида спортчиларимиз учун айнан Японияда ўқув-машғулот йиғинлари ташкил қилиб бериш фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу масалада бизга ёрдам берасиз деган умиддаман», – деди Аҳмаджонов учрашув чоғида.

Токиога сафари давомида Умид Аҳмаджонов шунингдек, Япония Миллий олимпия қўмитаси президенти Цунэкадзу Такэда билан ҳам учрашади. Томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, яқинлашиб келаётган Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик юзасидан ўзаро фикр алмашадилар.

Шундан сўнг, Умид Аҳмаджонов нафақат Япония, балки жаҳонда ўзига хос обрў-эътиборга эга тиббиёт фанлари доктори, профессор, спорт тиббиёти тадқиқот маркази доценти, Япония соғлиқни сақлаш бошқармаси спорт тиббиёти кафедраси мудири Хироюки Ишида билан учрашди. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда спорт тиббиётини ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашиш масалаларида келишувга эришдилар.

Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ҳам фаолият олиб боради. Умид Аҳмаджонов япониялик шифокорларни юртимизга таклиф қилди. Ушбу таклифга жавобан Хироюки Ишида бошчилигидаги шифокорлар 27 июль – 2 август кунлари пойтахтимизга ташриф буюриб, ўзбекистонлик ҳамкасбларига мастер-класс ва семинарлар ўтказиб бериш истагини билдирдилар. Унда япон мутахассислари тиббиёт маркази фаолиятини самарали ташкил этиш, спортчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни тўғри овқатлантириш, ўз вақтида керакли витаминлар билан таъминлаш каби масалалар юзасидан ўз тавсияларини берадилар.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид