02:08 / 08.06.2018
56617

Саудия Арабистонида ғаройиб модалар намойиши бўлиб ўтди (видео)

Интернетда Саудия Арабистонидаги ғаройиб модалар намойиши ҳақидаги видеоролик тарқалди. Видео ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

Замонавий шоу ташкилотлари либосларни ноодатий тарзда намойиш қилишга қарор қилишган кўринади. Либослар моделлар ўрнига дронларда намойиш этилди. Намойишни кўрган баъзи одамлар буни "арвоҳлар шоуси" деб ҳам аташди, либослар подиумда ҳавода ҳаракатланаётгандек гўё. 

Модалар намойиши Саудия Арабистонининг қайси шаҳрида бўлиб ўтгани номаълум. Шунга қарамай, фойдаланувчилар "даҳшатли фильм" лавҳасига ўхшаш модалар намойишига бефарқ ўта олишмади. 

"Саудия Арабистонида моделларсиз модалар намойиши. Модалар намойишида одатда подиум бўйлаб ҳаракатланувчи моделлар иштирок этиши керак. Либосларингизни намойиш қилиш учун дўкондан манекенлар харид қилсангиз бўларди. Бу даҳшатли фильмдан кўра яхшироқ бўларди", - дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

2018 йилда Саудия Арабистони AFC (Араб модалар лигаси) билан ҳамкорликда ўз тарихидаги илк араб модалар ҳафталигини ўтказди.

Шоу Ар-Риёд шаҳридаги Ritz-Carlton меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Жан-Пол Готье ва Роберто Кавалли каби халқаро миқёсдаги дизайнерлар либосларини намойиш қилиш учун қатор моделлар подиумга чиқишди. 

Қиролликда намойиш вақтида либосларга нисбатан муайян талаблар қўйилди - шаффоф, тор ва узунлиги тиззадан баланд либосларни намойиш қилмаслик тавсия қилинган. Таъкидлаш жоизки, шоу фақат аёлларга мўлжалланган бўлган. 

Top