Ўзбекистон | 07:43 / 08.06.2018
18273
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги давлат унитар корхонаси ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва уларни реконструкция қилиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси икки ой муддатда “Ўрмонқурилиш” давлат унитар корхонасини ташкил этади ва унинг ташкилий тузилмасини, штатлари рўйхатини ва уставини белгиланган тартибда тасдиқлайди.

Қуйидагилар “Ўрмонқурилиш” ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш ишларида буюртмачи вазифасини бажариш;

иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш ишларининг бош пудратчиларини аниқлаш бўйича танлов савдоларини ўтказиш, танлов савдолари натижалари бўйича пудрат шартномаларини тузиш, белгиланган тартибда техник назорат ишларини амалга ошириш ва ишларни қабул қилиш;

бажарилган иш ҳажмларини белгиланган тартибда пудратчилардан қабул қилиш, иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича бажарилган лойиҳаларни ердан фойдаланувчиларга топшириш;

шаҳар ва қишлоқ жойларда кўкаламзорлаштириш ва ландшафт дизайни билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;

ўрмон кардонлари, йўллари ва бошқа ўрмон хўжалиги объектларини қуриш;

ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича қонунчиликка зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш.

Қуйидагилар “Ўрмонқурилиш” ДУК фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;
Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
грантлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида:

суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа ташаббускори этиб - Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги;

“Ўрмонқурилиш” ДУК - буюртмачи этиб;

бош лойиҳа ва пудрат ташкилоти - танлов савдолари якунлари бўйича белгиланган тартибда;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар - молиялаштириш манбаи этиб белгиланди.

Мавзуга оид