Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилади
“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, мамлакатнинг ҳар бир туман ва шаҳрида аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилади.
Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;
тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатиш;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам бериш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш;
касаначилик ва кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчи субъектларни (микрофирмаларни) ташкил этиш учун молиявий ёрдам бериш орқали аҳолига қўшимча даромад ишлаб топиш имкониятини яратиш;
қишлоқ ва маҳаллаларнинг ихтисослашувини (ҳунармандчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини етиштириш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириш – мини-кластерлар ташкил этиш;
жойларда оилавий тадбиркорликка кўрсатиладиган хизматлар кўламини тубдан кенгайтириш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш;
қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш;
вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаб, улар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш.
Дастурни амалга ошириш учун ишчи гуруҳлар тузилади.
Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш дастурнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қарор билан тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар:
энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари;
энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда –кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;
энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда – тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилиши белгиланди.
Фойдаланилмаётган ер майдонларини инвентаризациядан ўтказилиб, фойдаланилмаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар бекор қилинади ҳамда ушбу ер майдонлари Дастур доирасида фаолиятини бошлаётган ва кенгайтираётган тадбиркорлик субъектларига ажратилади.
10 июндан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳудудий дастури амалга оширилади.
Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадларига хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилади. Ушбу кредит маблағлари Андижон вилоятида фаолият юритувчи тижорат банкларига йиллик 3 фоиз тўлов шарти билан қайта молиялаштирилади.
Мавзуга оид
08:32 / 17.03.2026
Йирик ва мегалойиҳалар учун параллел экспертиза амалиёти йўлга қўйилади
15:31 / 14.03.2026
Ҳар икки йилда 3 минг нафар статистика мутахассиси ўқитилади
10:12 / 10.03.2026
Тошкентда Наврўз муносабати билан халқ сайиллари ташкил этилади
10:48 / 12.02.2026