Жаҳон | 21:54 / 10.06.2018
48382
3 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Сингапурга қайси давлат самолётида қўнди?

Ким Чен Ин Сингапур аэропортига Air China Boeing 747 самолётида келди, дейилади The Straits Times нашрида. Сўнгги лаҳзаларгача КХДР етакчисининг Сингапурга айнан қайси самолётда келиши аниқ бўлмаган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан бу ҳақидаги аниқ маълумотлар сир сақланган. 

Япония ОАВда Ким Чен Иннинг Сингапурга ўзининг шахсий лайнери ҳисобланган Ил-62'да парвоз қилгани ҳақида хабар берганди. Бироқ Жанубий Кореянинг "Рёнхап" агентлиги КХДР етакчисини ташиш учун Хитой томонидан тақдим этилган Boeing 747'дан фойдаланиши мумкинлигини маълум қилганди, бу самолёт одатда ХХР олий раҳбариятини ташишда қўлланган. Flightradar24 сервиси 10 июнь куни эрталаб бу самолётнинг Пхеньяндан парвоз қилгандан сўнг ўз манзилини Пекиндан Сингапур томон ўзгартиргани ҳақида хабар берган. 

КХДР етакчиси жойлашган самолёт маҳаллий вақт билан соат 14:35 да Чанги аэропортига қўнган. Кутиб олиш маросимидан кейин Ким Чен Иннинг 35 автомобилдан иборат кортежи St. Regis меҳмонхонаси томон йўл олган. 

Фото: Reuters

Boeing'дан ташқари яна икки самолёт Пхеньяндан Сингапурга парвоз қилган. Ким Чен Иннинг шахсий Ил-62 бортидан ташқари аэропортга шунингдек Ил-76 юк самолёти ҳам етиб келган. NHK хабарига кўра, бу самолёт бортида Ким Чен Иннинг шаҳар бўйлаб ҳаракатланишига мўлжалланган автомобиллар жойлашган бўлиши мумкин. КХДР ҳукумати Ким Чен Ин Си Цзинпин билан учрашиш учун Хитойнинг Далянига парвоз қилганда ҳам худди шундай автомобиллар кортежини етказган эди.

Дональд Трамп ва Ким Чен Ин ўртасидаги учрашув 12 июнда бўлиб ўтиши керак. АҚШ президенти режалари билан таниш манбаларнинг Bloomberg'га маълум қилишича, расмий музокаралар бошланмасидан аввал Трамп Ин билан шахсий мулоқотни йўлга қўймоқчи, унда фақат таржимонлар бўлиши айтилган. 

Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: AP
Фото: Reuters
Фото: Reuters

Мавзуга оид