Ўзбекистон | 17:10 / 11.06.2018
3958
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов ЕҲХТ бош котиби билан учрашди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Томас Гремингер бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Т.Гремингер ва делегацияси аъзолари ЕХҲТ билан ўтказиладиган «Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли» мавзусидаги халқаро конференция ишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган.

ТИВдаги суҳбат давомида ЕХҲТнинг барча уч ўлчамларида ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

Қайд этилганидек, амалга оширилаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизими ислоҳоти, шунингдек, уларнинг фуқаролар билан мулоқотга очиқлиги Ўзбекистонни сиёсий ривожланишнинг мутлақо янги даражага олиб чиқди ва ЕХҲТ билан ҳамкорликни кенгайтириш учун аниқ имкониятлар яратди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси минбарида билдирган ташаббусларини татбиқ этиш доирасида бугун Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаётган халқаро конференциянинг мавзуси долзарблиги таъкидланди. Бугунги кунда ёшлар инсониятнинг икки миллиардли авлоди бўлиб, эртанги кунимиз, қолаверса сайёрамизнинг фаровонлиги ҳам уларга боғлиқ.

Учрашувда 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунлари нуқтаи-назаридан минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокараларда ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори Жон МакГрегор иштирок эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги халқаро конференцияда тажовузкор экстремизм ва радикализмдан ёшларни асраш муҳокама этилгани хабар берилганди

Мавзуга оид