Ўзбекистон | 13:43 / 18.06.2018
1484
3 дақиқада ўқилади

Германияда Global Media Forum бўлиб ўтди

2018 йил 11-13 июнь кунлари Германиянинг Бонн шаҳрида Deutsche Welle (Немис тўлқини) телерадиокомпанияси ташаббуси билан Глобал медиа форум (Global Media Forum) бўлиб ўтди. 11-маротаба ўтказилаётган анжуман журналистика, рақамли медиа, сиёсат, бизнес, фуқаролик жамияти ва академиялар орасидан обрўли ва қарор қабул қилишда таъсир кўрсата оладиган шахслар бир жойда тўпланадиган ягона халқаро майдондир. KUN.UZ мухбири ҳам иштирок этган Халқаро медиа форум Global inequalities – Глобал нотенглик деб номланди ва жуда юқори савияда ташкил этилди. 

Унда сиёсатчилар, экспертлар, таҳлилчилар ва журналистика соҳасининг усталари қатнашиб, тадбир иштирокчилари билан ўз фикрлари, ғояларини ўртоқлашишди. Хусусан, форумда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай, Европа комиссияси Рақамли иқтисодиёт бўйича мулозими Мария Габриэл, Германия ташқи ишлар вазирлиги юқори лавозимли вакили Мишел Мунтеферинг каби сиёсатчилар иштирок этди. Бу йил ташкил этилганининг 65 йиллигини нишонлаётган Deutsche Welle бош директори Петер Лимбург кириш сўзи билан анжуманни бошлаб берди. Бундан ташқари, Германиянинг Афғонистон ва Покистондаги махсус вакили Маркус Потцел ҳам эксперт сифатида қатнашди. 

Анжуманнинг иккинчи куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Deutsche Welle бош редакторига интервью берди ва тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Шундан сўнг, форумнинг юқори минбаридан Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай мамлакатида ва жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар юзасидан фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. 

У нутқининг якунида 7 млрдлик инсоният 200дан ортиқ хонада истиқомат қилаётган бир оила аъзолари эканини таъкидлар экан, турли чақириқлар ва муаммоларга қарши биргаликда курашиш лозимлигини таъкидлади.

Умуман 3 кунлик тадбир доирасида 83та сессия ўтказилди, 150дан ортиқ мамлакатдан келган иштирокчилар ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича муҳокамаларда қатнашишди. 12 июнь куни “Freedom of Speech Award 2018” мукофоти топширилди. Бу йилги соврин Эроннинг Теҳрон университети, сиёсий фанлар профессори Содиқ Зибақаламга тақдим этилди. 

Айтиш мумкинки, форум турли медиа соҳада фаолият юритувчи мутахассислар учун алоқалар ва янги ҳамкорларни топишда ўзига хос майдон бўлди. Қолаверса, турли мавзулар бўйича экспертлар фикрлари билан танишиш имконияти тақдим этилиши жиҳатидан фойдали бўлди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид