16:31 / 21.06.2018
4556

Instagram фойдаланувчилари сони 1 миллиардга етди

Instagram фойдаланувчилари сони 1 миллиардга етди, дейилади ижтимоий тармоқ хабарида

Instagram 1 миллиард кишини ўзига жалб қилган глобал ҳамжамиятга айланди. "2010 йилда ишга тушганимиздан буён ҳамжамиятимиз қандай ривожланганини кузатдик. Бу улкан ютуқ, Instagram жамоаси номидан сизларга раҳмат деб қоламиз", - дейилади манбада.

Фото: instagram-press.com

Бундан ташқари, Instagram ўз фойдаланувчиларининг 1 соатгача бўлган вертикал видеороликлар яратиши ва кўриши учун IGTV иловаси ишга тушиши ҳақида эълон қилди. "IGTV телефонингиздагидек - тўлиқ экранли режимда ва вертикал тузилишга эга. Видео хронометражи Instagram'дан фарқли ўлароқ, бир дақиқа билан чекланмаган. Аксинча, ҳар бир видео бир соатгача давом этиши мумкин", - дейилади хабарда.

Июнь ойи ўртасида Instagram илова функционалига Stories орқали маҳсулотларни харид қилиш имконини қўшди. Adidas, Louis Vuitton, Aritzia, The Kooples каби компаниялар Stories'га ўз товарлари гиперҳаволасини қўйиш имконини қўлга киритишди, ҳавола бўйича ўтувчи фойдаланувчилар эса Instagram орқали тўғридан-тўғри сотувчидан товар харид қилиш имконига эга бўлишди. 

Top