Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уйдаги асосий ядрошунос эксперт ишдан кетди
АҚШ Оқ уйдаги ядровий масалалар бўйича бош эксперт, шунингдек, КХДР билан музокаралардаги асосий шахслардан бири Андреа Холл истеъфога чиқди. Бу ҳақда The Washington Post газетаси юқори мансабли манбаларга асосан хабар бермоқда.
WP манбалари маълумотига кўра, мутахассис АҚШ президенти Дональд Трампнинг жамоаси Шимолий Корея билан ядросизланиш бўйича мулоқотни давом эттиришга одамларни қидираётган пайтда истеъфога чиқди. Таъкидланишича, у ўтган ҳафтага қадар Вашингтон ва Пхеньяннинг алоқалари билан шуғулланган идоралараро махсус комиссияни бошқарган.
Reuters агентлигининг қўшимча қилишича, Холлни АҚШ миллий хавфсизлик кенгашидаги оммавий қирғин қуроллари устидан назорат бўйича бошқарма катта директори лавозимида Жули Брентц алмаштиради. У ядро техникаси соҳасида докторлик мақомига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Стокгольм тинчлик муаммоларини тадқиқ этиш халқаро институти ядро қуролига эга давлатлар ўз арсеналини янгилаётгани ҳақида маълум қилганди.