Жаҳон | 08:27 / 24.06.2018
4879
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида аёлларга автомобилларни бошқаришга рухсат кучга кирди

Фото: Fotolia

Саудия Арабистони аёллари 24 июнда уларга транспорт воситаларини бошқаришга рухсат кучга киргандан кейин эрталабдан ўз автомобилларини бошқарганча кўчаларга чиқдилар.  

2017 йил сентябрда Саудия Арабистони қироли аёлларга автомобилларни бошқаришга рухсат берувчи фармон чиқарган. Бу фармон 24 июндан расман кучга кирди.

Бунгача Саудия Арабистони аёлларга машина ҳайдашга тақиқлов амал қилган дунёдаги ягона давлат бўлиб қолаётганди. 

Саудия Арабистонида ҳокимият тепасига қирол Салмон келиши ва унинг ўғли Мумаммад бин Салмон валиаҳд шаҳзода этиб тайинланишидан кейин ижтимоий соҳада аввал амал қилган қатъий тақиқловлар олина бошланди.

Бир неча ой аввал мамлакатда 40 йил ичида биринчи марта кинотеатрлар фаолият юрита бошлади, яқин орада қиролликда театр пайдо бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, аёлларнинг ижтимоий мақоми ҳам ўзгармоқда. Уларга машина ҳайдаш, спорт тадбирларига ташриф буюриш ва армияда хизмат қилишга рухсат берилди. Шунингдек, қиролликда аёлларга футбол ўйнашга изн бериш муҳокама қилинмоқда.

Мавзуга оид