Спорт | 18:50 / 25.06.2018
75241
2 дақиқада ўқилади

Мурод Хонтўраев қамоққа олинди

Фото: Instagram/kxanturaev

Аралаш яккакураш спорт тури бўйича жаҳон чемпиони Мурод Хонтўраев Тошкент шаҳар прокуратураси илтимосига кўра қамоққа олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Kun.uz»га маълум қилди. 

«Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б», «в» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Мурод Хонтўраевга нисбатан Тошкент шаҳар прокуратурасининг «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди», деган манба.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судининг 2018 йил 22 июндаги ажримига мувофиқ айбланувчи Мурод Хонтўраевга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ва УЯ 64/1-сонли Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Бироз аввалроқ Мурод Хонтўраев бир қатор шахслар билан биргаликда 21 июнга ўтар кечаси Юнусободдаги тунги клублардан бирида «жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузган, тартибсизлик қилгани» ҳақида хабар берилганди.

Унинг ўзи тан жароҳати (кўкрагига пичоқ билан зарба берилган) билан Юнусободдаги 7-касалхона (собиқ 17-шаҳар касалхонаси)га ётқизилган, кейинги куни милиция томонидан олиб кетилган.

Ушбу иш доирасида бошқа бир гуруҳ шахслар ҳам қўлга олингани айтилмоқда.

Маълумот учун, Хонтўраев 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Айни пайтда у Тошкент шаҳридаги Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиалининг 3-курс талабаси. Оилали ва икки нафар фарзанди ҳам бор.

Мавзуга оид