Ўзбекистон | 14:55 / 25.06.2018
24144
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги АЭС қурилиши қанчага тушиши мумкин?

Ўзбекистон, Россия ва Халқаро атом энергияси агентлиги атом электр станцияси (АЭС)ни лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш масалаларини муҳокама қилишмоқда. Kun.uz мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Маълумотларга кўра, АЭСнинг умумий қуввати 2400 МВт бўлади. Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан электр станциясини қуриш жойи белгиланмоқда. Бундан аввал "Росатом"га Навоий вилояти таклиф қилингани ҳақида хабар берилган эди, бироқ бироз муддат ўтгач қурилиш географияси кенгайди. 

Ҳозирча лойиҳа баҳосига доир расмий маълумотлар йўқ. Шундай бўлса-да, "3+" авлодига мансуб икки блокли ҳамда сейсмологик барқарор атом электр станциялари ўртача 10 миллиард долларга тушади. 

Мутахассисларнинг фикрича, АЭС қурилиш муддати 5 йилдан ортиқни ташкил қилиши мумкин.

Бундан аввал ўзбекистонлик экспертлар мамлакатда АЭС қурилиши муҳим аҳамиятга эга экани, бу саноати ривожланаётган давлат учун айни муддао бўлиши, ишбилармонлар бизнеси ривожланиши учун туртки бериши, шу билан бирга, уй хўжаликларида маиший техникалардан кенг фойдаланиш учун қулай имкониятлар яратиши ҳақида таъкидлагани ҳақида маълум қилинган эди

Шунингдек, "Росатом" раҳбари Алексей Лихачёв Ўзбекистонда АЭС қурилиши энг аввало электр энергияси нархининг тушиши, мамлакат ривожига ижобий таъсир кўрсатиши ҳамда энг асосийси, аҳоли турмуш тарзини яхшилаши ҳақида айтган эди. Таъкидлаш жоизки, мазкур АЭС қурилиши Россия ҳамда Беларусдаги каби ҳамкорлик модели асосида, яъни барча босқичлар Ўзбекистон билан бирга амалга оширилиши кутилмоқда. Бошқа давлатларда АЭС қурилиши билан боғлиқ барча ишлар "Росатом" томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон эса уранга бой мамлакат, шундай экан, АЭС қурилиши тенг ҳамкорлик асосида йўлга қўйилади. 

Мавзуга оид