Ўзбекистон | 04:43 / 29.06.2018
8403
3 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги миқёсида илк бор “Танк биатлони” мусобақаси ўтказилди

Фото: Мудофаа вазирлиги

24—26 июнь кунлари Тошкент ҳарбий округи “Чирчиқ” умумқўшин дала ўқув майдони базасида биринчи маротаба Мудофаа вазирлиги миқёсида “Танк биатлони” мусобақаси ўтказилди.

Мусобақа жараёнини Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий округлар масъул офицерлари, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва аҳоли (чипта тўлови асосида) кузатди.

Икки босқичли мусобақанинг дастлабки куни Т-72 русумли танкда Жануби-ғарбий махсус, Марказий, Тошкент ҳарбий округлари ҳарбий хизматчилари ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантларидан иборат жами тўртта жамоа умумий узунлиги 4 минг 200 метр бўлган эстафета айланаси бўйлаб баҳсларга киришди.

“Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасида биринчи маротаба ўтказилаётган ушбу танк биатлони мусобақасига жиддий тайёргарлик кўрилди. Бу каби беллашувлар келгусидаги халқаро мусобақалар учун трамплин вазифасини ўтайди. Ёдингизда бўлса, 2017 йил Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон ва Хитойнинг 22 та полигонида 28 та мамлакат ҳарбий хизматчилари иштирокида “АРМИ-2017” учинчи халқаро армия ўйинларида вакилларимиз фахрли ўринларни эгаллаган эди”, – дейди мусобақа бош ҳаками полковник Алишер Алижонов.

Фото: Министерство обороны
Фото: Министерство обороны

Мусобақа шартлари давомида профессионал ҳарбий хизматчилар Т-72 танкининг нималарга қодир эканини тезлик ва аниқлик мезонлари асосида кўрсатиб берди.

Т-72 танкида кечган баҳснинг якуний натижалари:

3 ўрин экипаж командири: сержант Низом Бойқобилов (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ);

2 ўрин — экипаж командири: курсант Шаҳзод Мамадиёров (Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти);

1 ўрин — экипаж командири ва аъзолари: катта лейтенант Муҳриддин Ҳошимов, механик ҳайдовчи – катта сержант Хуршид Ҳайдаров, мўлжалга олувчи-оператор – сержант Убайдулло Турдиалиев (Тошкент ҳарбий округи).

Фото: Министерство обороны

Мусобақанинг иккинчи босқичида Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртидан жами олтита жамоа иштирокида Т-62 танкида мусобақа ўтказилди.

Т-62 танкида кечган баҳсларнинг якуний натижалари:

3 ўринэкипаж командири: кичик сержант Нодир Мўминов (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ);

2 ўрин — экипаж командири: лейтенант Муҳриддин Нуриддинов (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ);

1 ўрин — экипаж командири ва аъзолари: кичик сержант Абдулазиз Ғаниев, механик ҳайдовчи – кичик сержант Ғайрат Маҳмудов, мўлжалга олувчи-оператор – шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Азимжон Рўзалиев, ўқловчи – шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Умар Тошпўлатов (Тошкент ҳарбий округи).

Фото: Министерство обороны

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов ғолиб ва совриндорларга кубок, диплом ва эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

Мавзуга оид