Ўзбекистон | 18:00 / 02.07.2018
20547
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида Пучон Университети иш бошлайди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда юқори малакали олий маълумотли кадрларни тайёрлашни ташкил этиш, мамлакат мактабгача таълим муассасаларида кўп йиллар давомида олий маълумотли педагог ва тарбиячиларнинг етишмовчилигини тўлдириш, инновацион ва халқаро таълим муҳитини шакллантириш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли самарали муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. KUN.UZ мухбири ҳукуматдаги манбасига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистоннинг мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришнинг қуйидаги устувор вазифалари белгиланди:

  • мактабгача таълимни ривожлантиришга, мактаб ёшидаги болаларни ҳар томонлама камол топтиришга ва уларни маънавий-ахлоқий, баркамол ва интеллектуал авлод этиб тарбиялашга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, таълимнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;
  • мактабгача таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш, болаларнинг онги ва қалбида мустақилликни, инсонпарварлик, миллий ўзликни англаш анъаналарига содиқликни мустаҳкамлаш, ёт “оммавий маданият” ғояларига нисбатан иммунитетни мустаҳкамлаш борасида тадбирлар ўтказиш йўли билан болаларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият ва гуманизм руҳида тарбиялаш;  
  • мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва улар фаолияти самарадорлигини ошириш;
  • янги педагогик ва ахборот технологияларини, илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг самарали фаолиятини ташкил этиш, таълим муассасаларини замонавий билимларни эгаллаб олган юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;
  • янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда мазмуни ва сифати бўйича замонавий талабларга жавоб берадиган янги авлод ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш ва нашр этишни ташкил этиш;
  • мактабгача таълим муассасалари томонидан давлат талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш;
  • халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустахкамлаш, конференциялар, кўргазмалар ва тадбирлар ўтказиш орқали  мактабгача таълим соҳасида Ватан ютуқларини халқаро даражада кенг ёритиш, мактабгача таълим тизимига хорижий инвестицияларни жалб этиш;

Университет олий таълим муассасаси, Ўзбекистон Республикасининг юридик шахс шаклидаги резиденти ҳисобланади, у мустақил балансга эга, ўз тасарруфидаги пул воситалари ва мулк олдидаги мажбуриятлари учун жавобгар.

Университет Корея Республикасидаги Пучон Университетининг ўқув режалари ва дастурлари асосида, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда таълим соҳасидаги фаолиятини амалга оширади.

Олий таълим муассасасида кадрларни тайёрлаш биринчи навбатда мактабгача таълим муассасаларининг педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Университетда таълим бериш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Шунингдек кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларида, тўлов-шартнома асосида ўқиш имкони мавжуд.

Қабул мактабгача таълим, корейс тили ҳамда архитектура ва дизайн йўналишлари бўйича амалга оширилади. ОТМ 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди.

Университет битирувчиларига Пучон Университети (Корея Республикаси) намунасидаги диплом берилади, ушбу диплом қўшимча юридик жараёнларсиз Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.

Мазкур қарор ижроси учун назорат Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовлар зиммасига юклатилди.

Мавзуга оид