Ўзбекистон | 13:40 / 10.07.2018
12026
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МДҲнинг яна бир тузилмасида иштирок этади

Фото: cis.minsk.by

Ўзбекистон Республикаси МДҲга аъзо давлатлар Солиққа оид (молиявий) тергов органлари раҳбарларининг мувофиқлаштирувчи кенгашига (СОТРМК-КСОНР)га аъзо сифатида қўшилди. МДҲ Ижроия қўмитаси расмий сайтида Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлик соҳасидаги тармоқлараро ҳамкорлик органлари фаолиятида иштирок этиш фаолиятини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини изчил ошириш тўғрисидаги ахборот берилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг МДҲ давлатлар раҳбарлари Кенгашининг 2013 йил 31 майдаги “МДҲга аъзо давлатлар Солиққа оид (молиявий) тергов органлари раҳбарларининг мувофиқлаштирувчи кенгаши (КСОНР) тўғрисидаги Низомнинг янги нашри тасдиқланганлиги тўғрисида”ги Қарорига қўшилгани ҳақида маълумот берилган. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти бошлиғи КСОНР таркибидаги Кенгашнинг тўлиқ аъзоси  бўлди.

Фото: cis.minsk.by

Маълумот учун: КСОНР – МДҲнинг тармоқлараро ҳамкорлик органи ва солиқ (молиявий) қонунчилиги бузилишига қарши курашда ҳаракатларни мувофиқлаштиришни амалга оширади. Унга Ўзбекистон, Арманистон, Белоруссия, Молдова, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Украина давлатларининг ваколатли органлари раҳбарлари киради.

КСОНР тадбирларида иштирок этиш бу мамлакатларга солиқ (молиявий) органлар раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ахборот ва мазкур соҳадаги ижобий тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорлик учун тармоқлараро шартномавий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, биргаликда тезкор ва тактик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда етакчи таълим муаассасалари негизида ходимларнинг малакасини ошириш 
ва ўқитиш бўйича тадбирлар ўтказиш имконини беради.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5446-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва ихтисослаштирилган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид