09:30 / 10.07.2018
13309

Ўзбекистондан хорижга доимий яшаш учун кўчганлар сони камайди

2018 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистонда миграция салдоси минус 5,3 минг киши бўлиб, 2017 йилнинг мос даврида минус 9,6 минг киши бўлган. Умуман, республика бўйича кўчиб келганлар сони 83,3 минг кишини (82,0 минг киши республика ҳудудларидан, 1,3 минг киши хорижий мамлакатлардан), кўчиб кетганлар сони эса 88,6 минг кишини (82,0 минг киши республика ҳудудларига, 6,6 минг киши хорижий мамлакатларга) ташкил этди. Миграция салдосининг юқори даражаси Тошкент вилоятида (минус 2,6 минг киши), Қашқадарё вилоятида (минус 2,1 минг киши), Қорақалпоғистон Республикасида (минус 1,7 минг киши) қайд этилди, дейиладиЎзбекистон Статистика қўмитаси ҳисоботида.

2018 йил январь-июнь ойларида хорижий мамлакатлардан доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасига кўчиб келганлар сони 1292 кишидан иборат бўлган бўлса, доимий яшаш учун Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар сони 6568 кишини ташкил этган. 

Ўзбекистонга доимий яшаш учун келганларнинг 31,6 фоизи Қозоғистон, 30,3 фоизи Тожикистон, 25,2 фоизи Россия, 2,8 фоизи Туркманистон ва 2,4 фоизи Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистондан доимий яшаш учун кўчиб кетган 6568 кишининг 46,9 фоизи Россия, 46,2 фоизи Қозоғистон, 1,1 фоизи АҚШ, 0,7 фоизи Тожикистон ва 1 фоизи Исроилга кўчишган. 

 

Top