Иқтисодиёт | 11:46 / 12.07.2018
18878
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилоятида йирик газ кони ишга туширилди

Фото: УзА

«Газлинефтгазқазиш» МЧЖ «Шимолий Сузма» янги кони ва Бухоро вилоятида янги Газли газ қувурини ишга туширди.

Ярим йил муқаддам «Шимолий Сузма» конини очиш устида ишлар бошланган эди, бугунга келиб газ кони ишга туширилди. Ўтган давр ичида «Газлинефтгазқазиш» мутахассислари еттита газ қудуғини бурғулашга муваффақ бўлишди. У ерда «зангори олов» ортиқча таркибий қисмлардан халос бўлиш учун «Учқир» олтингугуртдан тозалаш қурилмасига жўнатилади.

«2017–2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастурига мувофиқ, «Газлинефтгазқазиш» томонидан 6 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган, — дейди мазкур ташкилот  раҳбари Абдулла Мажидов. — Улардан бугунги кунда иккитасини амалга оширдик. Булар «Шимолий Сузма» конида скважиналар қазиш ва ишга тушириш» ҳамда «Учқир» олтингугуртдан тозалаш қурилмасидан «Газли» ер ости газ сақлаш омборигача газ ўтказиш қувурини барпо этиш».

Кўрсатиб ўтилган лойиҳаларни саноат эксплуатациясига айлантириш доирасида газ кони ва янги газ қувури ишга туширилди. Ишларни юқори даражада ташкил этиш учун 500 дан ортиқ ишчи ва мутахассис, шунингдек, замонавий техникалар жалб қилинди. Барча лойиҳалар амалга оширилгач, 117 та янги иш ўрни яратилади.

Қайд этмоқ жоизки, диаметри 1020 мм бўлган ҳамда «Учқир» олтингугуртдан тозалаш қурилмасидан «Ўзтрансгаз» магистрал газ ўтказиш қувурларигача бўлган қувурнинг узунлиги 46,3 километрга тенг. «Шимолий Сузма» конининг ишга туширилиши ва янги газ ўтказиш қувури ётқизилиши билан бир суткада қазиб олинаётган ва етказиб берилаётган газ ҳажми 1,5 миллион метр кубга етди.

Мавзуга оид