Жаҳон | 00:23 / 13.07.2018
18493
2 дақиқада ўқилади

Трамп Буюк Британияга амалий ташриф билан етиб келди

Фото: The National

АҚШ президенти Дональд Трамп 12 июлда Буюк Британияга амалий ташриф билан етиб келди. У бу ерда 15 июлгача қолади. Трампнинг самолёти Станстед аэропортида қўнган. АҚШ президентига унинг рафиқаси Меланья Трамп ҳамроҳлик қилмоқда.

Трамп аэропортдан АҚШ элчисининг Риджентс-паркдаги қароргоҳига вертолётда йўл олган. У кечки пайт Оксфордшир графлигидаги Бленхейм саройига Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй томонидан унинг шарафига ўтказиладиган кечки тановулга йўл олиши режалаштирилган. Бу сарой Мальборо герцогларининг қароргоҳи ва Уинстон Черчилл туғилган жой ҳисобланади. 

13 июлда Трамп ва Мэй Британия ва АҚШ ҳарбийлари машғулотларида бўлишади. Сўнгра икки етакчи Мэйнинг Чекерс қароргоҳида музокаралар ўтказишади. Таъкиддланишича, томонлар кенг спектрдаги ташқи сиёсий масалаларни, жумладан, Россия, Brexit ва Яқин Шарқни ҳамда савдо муносабатларидаги муаммоларни муҳокама қилишади.

Музокаралардан сўнг Трамп рафиқаси билан Мэй ҳамроҳлигида Виндзор саройига Буюк Британия қироличаси Елизавета II’нинг қабулига боришади. Кечки пайт Трамп Шотландияга йўл олиб, у ердаги ўзига тегишли Trump Turnberry гольф-курортида якшанбагача қолади.

Трамп 15 июлда Шотландиядан Хельсинкига жўнайди ва у ерда 16 июлда Россия президенти Владимир Путин билан учрашади.

Трампнинг Лондон ва бошқа жойларга ташрифи вақтида унинг сиёсатига қарши норозилик намойишлари, жумладан 13 июлда Лондонда “Трампни тўхтатинг” шиори остида намойиш ўтказиш режалаштирилган. Унда 60 мингга яқин киши иштирок этиш истагини билдирган. Бундан ташқари, Лондон марказида 10 минг кишилик аёллар марши бўлиб ўтади.  

Аввалроқ АҚШнинг Буюк Британиядаги элчиси Вуд Жонсон Трамп норозилик намойишларидан хавфсирамаётганини ва “бор эътиборини ўз ташрифи мақсадларига қаратишини ва шахсий фикрни эркин билдириш имкониятини маъқуллашини” айтган.

Мавзуга оид