Ўзбекистон | 09:40 / 17.07.2018
5226
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларни кенгайтиради

16 июль куни Европа иттифоқи кенгаши ЕИнинг хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили ва Европа комиссияси учун Ўзбекистон билан шерикчилик ва ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги битим бўйича директивани тасдиқлади. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

ЕИ Кенгаши пресс-релизида билдирилишича, бўлажак битим сиёсий мулоқот ва ислоҳотлар, қонун устуворлиги, суд тизими, эркинлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, миграция, савдо-сотиқ ҳамда иқтисодий ва барқарор ривожланиш каби соҳаларни қамраб олиши лозим.

Янги битим ишбилармонлик ва инвестицион муҳитни ривожлантириш, шунингдек, ташқи сиёсат ҳамда иқлим ўзгариши, коррупция ва терроризмга қарши кураш каби глобал чақириқлар масалалари бўйича ҳамкорликни таъминлайди.

«Ўзбекистон янги раҳбарият бошчилигида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қўшнилар ва халқаро шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар борасида сезиларли ўсишга эришди. Ўзбекистон билан шерикчилик ва ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги битим ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқади», — дейилади ЕИ Кенгаши пресс-релизида.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид