Жамият | 12:00 / 17.07.2018
2693
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада «Ёш тадбиркорлар клуби» ташкил қилинди

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилоят Ёшлар иттифоқи, Фарғона вилоят иқтисодий суди, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда “Ёш тадбиркорлар клуби” ташкил қилинди.

Клубнинг асосий мақсади 18 ёшдан 30 ёшгача тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёшларни Фарғона вилоятида ёшлар бизнесини ривожлантиришда амалий мулоқотини ҳамда таклифларини ривожлантириш, ва уларнинг муаммоларини ечимини топишга қаратилгандир.

Ушбу клуб аъзоларининг бир ойда камида бир марта ўтказиладиган мажлисларида доимий равишда вилоят иқтисодий суди судьялари, прокуратура, ички ишлар, солиқ, рақобат бошқармаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари иштирок этиб, ёш тадбиркорларнинг фаолиятида ҳуқуқий ва иқтисодий билимларини ошириш, тадбиркорлик фаолиятида вужудга келаётган муаммолар, таклифларнинг ечимини топишда амалий ёрдам бериш йўлга қўйилади.

“Ёш тадбиркорлар клуби”нинг биринчи йиғилиши тадбиркорлик ва ҳунармандчилик ривожланган Риштон туманида бўлиб ўтди. Тадбирда Риштон, Олтиариқ, Боғдод туманларида фаолият кўрсатаётган ёш тадбиркорлар учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакиллари, вилоят иқтисодий суди судьялари, прокуратура, ички ишлар, солиқ бошқармаси, Давлат хизматлари маркази, Марказий банк вакили О.Юлдашевлар қатнашиб, “Ёшлар келажагимиз давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида келиб чиқадиган вазифалар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, уни ташкил этишнинг тартиб қоидалари, шакллари, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланишнинг салбий оқибатлари, тадбиркорлик фаолиятида шартномалар тузиш, шартнома интизомига риоя этиш, шартнома талабларини бажармаганликнинг ҳуқуқий оқибатлари, тўланадиган солиқ ставкалари ва имтиёзлар, банк операцияларини амалга ошириш тартиблари, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, бўш турган биноларни “ноль” харид қийматида ёки ижара асосида олиш, тадбиркор ва унинг ходимлари ўртасидаги меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш, тадбиркорлик фаолияти давомида фирибгарларга алданиб қолмаслик каби мавзуларда сўз юритилди.

Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ёш тадбиркорларнинг саволлари, таклифлари ва муаммолари тингланиб, шу жойнинг ўзида асослантирилган жавоблар берилди.

Фарғона вилоят иқтисодий суди раиси Тиллаволди Атабаев Риштон туманида “Кластер” усулида пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш билан шуғулланаётган тадбиркорнинг ишлаб чиқариш цехида унинг саволлари ва ўртага ташлаган масалалари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид