Иқтисодиёт | 13:35 / 20.07.2018
25647
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тилла тангаларни сотиш бўйича низом ишлаб чиқилди

Фото: Pixabay

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Қимматбаҳо металлардан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тангаларини сотиш ва қайтиб сотиб олиш тартиби тўғрисида низом” лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки юбилей саналари, тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеалари ҳамда жамият ҳаётидаги бошқа воқеаларга бағишланган ва таркибида қимматбаҳо металлар бўлган юбилей, шунингдек инвестицион тангаларни муомалага чиқаради.

Марказий банк тангалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида номинал қиймати бўйича нақд пул шаклидаги қонуний тўлов воситаси, шунингдек номинал қийматидан фарқ қилувчи нархларда коллекция, инвестиция ва тезаврация (жамғарма) объектлари сифатида муомалада бўлиши мумкин.

Марказий банк ҳар ҳафтада камида бир марта қимматбаҳо металларнинг бир грамм нархини аниқлайди ва эълон қилади. Мазкур нарх қимматбаҳо металларнинг бир трой унцияси учун аввалги куннинг Лондон қимматбаҳо металлар ассоциацияси(LBMA)нинг эрталабки фиксинг нархи ва сўмнинг АҚШ долларига нисбатан расмий курсидан фойдаланиб белгиланади.

Марказий банк тангаларини сотиш ва қайтиб сотиб олиш Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари ва тижорат банклари томонидан амалга оширилади ва уларнинг жойлашган манзили ҳақида маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-саҳифасида эълон қилинади.

Марказий банк тангаларини сотиш ва қайтиб сотиб олишда Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги муносабатлар алоҳида шартномалар асосида тартибга солинади.

Марказий банк тангалари жисмоний шахсларга нақд ва нақдсиз пул ҳисоб-китоблари асосида, шу жумладан халқаро тўлов карталари орқали амалга оширилади.

Марказий банк тангаларининг юридик шахсларга сотуви тўловни талаб қилиб олингунча депозит ҳисоб рақамидан пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Марказий банк тангаларининг сотув нархи Марказий банк томонидан ҳар ҳафтада камида бир марта миллий валютада, қимматбаҳо металлнинг бир грамм нархи ҳамда Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланадиган маржага асосан белгиланади.

Марказий банк тангаларини жисмоний ва юридик шахслардан қайтиб сотиб олиш уларни Марказий банк томонидан белгиланадиган қайтиб сотиб олиш шохобчалари орқали ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан мажбурий равишда техник экспертиза ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бунда, Марказий банк тангасининг эгаси, жисмоний шахс ёки юридик шахснинг вакили ўз фуқаролик паспортини тақдим этади ва ушбу Низомга иловага мувофиқ тангани қайта сотиб олиш учун қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилади. Шунингдек, юридик шахснинг вакили Марказий банк тангасини тасарруф этиш учун ишончнома ҳам тақдим этади.

Далолатнома уч нусҳада тузилади ва улардан бири қайтиб сотиб олиш шохобчасида қолади, иккинчиси Марказий банк тангаси эгасига топширилади, учинчи нусҳа эса техник экспертиза ўтказилиши учун Асиллик даражасини белгилаш палатасига тақдим этилади.

Марказий банк тангалари қайтиб сотиб олиш шохобчалари томонидан Асиллик даражасини белгилаш палатасига 10 иш кунидан кечикмасдан техник экспертиза ўтказиш учун юборилади.

Асиллик даражасини белгилаш палатаси 10 иш куни давомида техник экспертиза ўтказиб, унинг натижалари ҳақидаги маълумотни Марказий банкка тақдим этади.

Асиллик даражасини белгилаш палатасининг техник экспертиза далолатномаси олингандан сўнг, Марказий банк танга эгаси билан ҳисоб-китобларни 10 иш кунидан кечикмасдан амалга оширади.

Марказий банк тангасини қайтиб сотиб олиш нархи танга топширилган кундаги бир грамм қимматбаҳо металл нархидан ҳамда ушбу нархга қўлланиладиган дисконтдан келиб чиқиб ҳисобланади.

Марказий банк Бошқаруви ҳар бир турдаги қимматбаҳо металл учун алоҳида дисконтни тасдиқлайди.

Марказий банк тангаси унинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификати билан бирга муомалага чиқарилади. Ҳар бир асиллик сертификати ўз серия рақамига эга бўлади.

Асиллик сертификатини алмаштиришга эҳтиёж бўлганда ёки унинг йўқотиш ҳолатларида, танга эгаси Марказий банк томонидан белгиланадиган қайтиб сотиб олиш шохобчаларига тўлов асосида янги асиллик сертификатини олиш учун мурожаат қилади.

Сертификат алмаштирилиши 30 иш куни давомида Марказий банк тангасининг Асиллик даражасини белгилаш палатасининг техник экспертизасидан ўтказилиши шарти билан амалга оширилади.

Мавзуга оид