Ўзбекистон | 13:22 / 21.07.2018
215534
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йилнинг энг ғайритабиий қарорларидан бири қабул қилинди

2017 йил 22 декабрь куни Президент мамлакат тарихида илк бор парламентга Мурожаатнома йўллади. Жуда кўп асосларга кўра бу тарихий кун бўлди. Зеро, парламентга мурожаат мазмун-моҳиятига кўра халққа мурожаатдир.

Биринчи воқеа

Шу куни Президент қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиш зарурлигини таъкидлади. Президентнинг 2018 йил 22 январдаги Қарори билан тасдиқланган Давлат дастурининг 34-бандига мувофиқ “Mening fikrim” махсус веб-портали очилди. Шу орқали Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат йўллаш тартиби жорий этилди.

“Mening fikrim” веб-портали фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш, деб номланадиган Конституциявий ҳуқуқини кафолатловчи муҳим институтлардан бирига айланиши кутилаётганди.

Мазкур веб-портал орқали Сиз билан биз давлат ва жамият аҳамиятига молик муҳим масалалар юзасидан қонунчиликка таклифларимизни электрон жамоавий мурожаат шаклида юборишимиз мумкин бўлди.

Жамоатчилик ичида туғилган ташаббуснинг республика миқёсига чиқиши осонлашганини ўйлаб, кўпчилик хурсанд бўлди. Шундай юртдошларимиздан бирининг енгил автомобилларнинг ойналарини қорайтиришга рухсат бериш ҳақидаги таклифи порталга (2018 йил 30 апрель) жойлаштирилди. 3 та асос кўрсатилди.

1. Ўзбекистон иссиқ ўлка.

2. Автомобилнинг орқа ўриндиғида ўтирган болаларга жуда иссиқ, нафас олиш қийин, уларни қуёш уриши ҳам мумкин.

3. Парда тутиш (орқа ён ойналарга) тақиқланган.

Минглаб юртдошларимиз ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, бу таклифни қўллаб-қувватлади. Яъни, кўпчилик овоз бераётганлар машинасининг ойнасини қорайтириб олиб, олифтагарчилик қилиш ҳақида эмас, фарзанди, яқинлари, сиз билан бизнинг жигарбандларимизни ҳам ўйлаб муносабат билдирди. Балки шунинг учун ташаббус тез орада 10 минг овоз тўплади ва расман петиция мақомини олди.

Шундан сўнг ушбу петиция кўриб чиқиш жараёнида бўлган таклифлар қаторига ўтказилди. Ҳамма кута бошлади. Азбаройи жазирамадан қийналиб кетганлар машинасининг орқа ён ойналарини яхшилаб артиб, тозалашга ҳам тушди...

Иккинчи воқеа

Кутилмаганда... жорий йил 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га транспорт воситаларининг ойналарини қорайтириш тартиби тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Бирданига ҳамма ўзини “гув” этиб ана шу порталга урди. Ниҳоят!.. Лойиҳанинг изоҳланиши бир қарашда жуда умуминсоний  кўринди: транспорт воситалари ҳайдовчилари, шунингдек, мамлакатимизга келувчи сайёҳлар учун қулай шароит яратиш мақсадида...

Лекин биринчи таассурот алдамчи бўлиб чиқди.

Ойналарни қорайтириш давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги тузилмалари томонидан 1 йил муддатга бериладиган рухсатнома асосида, ИИВ қошидаги инновацион лойиҳалар ва аҳолига хизмат кўрсатиш маркази давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади, нархи жисмоний шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 90, юридик шахслар учун 120, хорижий давлатларнинг юридик шахслари учун эса 140 баробари миқдорида белгиланади, деган сўзлар кўпчиликнинг умидини пучга чиқаргани, майли, капалагини ҳам учириб юборди. Ҳисоб-китоб қобилиятимиз ишга тушиб кетди. “Қулайлик яратиш мақсадида...”, бир йилга 16.5 миллион сўм... Бу сўзлар ва рақамлар бир-бирига ҳеч қовушмади. Айримлар ўйлади: бу қарор лойиҳаси бирон хато туфайли “ўтиб” кетгандир... Ахир Ўзбекистонда аҳолининг аксарият қисми йил давомида бунча маблағни орттира олмайди-ку!? Бу ҳақда интернет сайтлар бонг урди, газеталар ёзди, телевизорда ҳам гапирилди.

Интернетни кавлашга тушиб кетдик. Шу орада “Тараққиёт стратегияси” маркази мушкулимизни осон қилди. Бу масалани обдон таҳлил қилиб берди:

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган тартибга кўра, барча транспорт воситаларининг олд, ён ва орқа томондаги ойналарининг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоиз бўлиши шартлиги белгиланган. Бундай норманинг қўлланилиши учун жамоат тартиби ва хавфсизлик нуқтаи назардан қандайдир асослар бўлиши мумкин, лекин бу фуқароларга қатор ноқулайликлар туғдиради. 

Шу ўринда савол туғилади: Туси ўзгартирилган ойналарга эга бўлган транспорт воситалари иштирокида содир этилган йўл транспорт ҳодисалари ҳақида маълумот борми, ойнанинг туси ўзгартирилганлиги ҳайдовчига қандай таъсир ўтказади? Бу борада, афсуски, асослантирилган жавоб ва маълумот мавжуд эмас.

Қарор лойиҳаси аввалида таъкидланганидек, ҳужжат  аввало транспорт воситалари ҳайдовчилари ва мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилмоқда. Аммо, шу ўринда ушбу тўлов миқдори ва муддатини белгилашдан кўзланган мақсад, тўлов қийматини асословчи омиллар, қўлланиш кўламининг тавсифи ва яна бошқа табиий саволлар туғилади. Шунингдек, йилда бир маротаба туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш учун рухсатнома олиш учун мурожаат қилиш – навбатдаги бюрократия омилларининг пайдо бўлишига олиб келмайдими?

Ушбу масалани янада кенгроқ таҳлил қилиш мақсадида хорижий давлатлар тажрибаси билан танишиш мумкин. Қатор ривожланган давлатлар, хусусан, орқа ва ён орқа ойналари 100 фоиз туси ўзгартирилган транспорт воситаларидан фойдаланишга Буюк Британия, Германия ва Испанияда рухсатнома рақамига ва ойна туси ким томонидан ўзгартирилганлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиш шарти билан, Бельгия, Чехия, Франция, Италия, Польшада эса туси ўзгартирилган ойна сертификатланган бўлиши шарти билан бепул рухсат этилади. Бу ҳолат йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи сабаб ва омиллар сифатида умуман қаралмайди. Аксинча, транспорт воситасига кирадиган қуёш нурларидан ҳимояланиш, орқадан келаётган транспорт воситасининг чироқ нурларини қайтариш сифатида қаралади.

Пуллик рухсат бериш тизими мавжуд бўлган мамлакатлардан қўшни Қирғизистон Республикасида транспорт воситаси орқа ва ён орқа ойналарини тусини ўзгартиришга рухсат олиш учун тўлов бир йилга 200 АҚШ долларига тенг миқдорда ҳамда Тожикистон Республикасида бир йилга 310 АҚШ долларига тенг миқдорда ундирилиши белгиланган. Бу эса Ўзбекистонда таклиф этилаётган тўлов миқдори билан таққослаганда Қирғизистон Республикасидан деярли 10 бараварга, Тожикистон Республикасидан қарийб 7 бараварга қиммат дегани...”

Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳаси қабул қилинмаса керак, деб ўйлай бошладик. Чунки порталнинг ўзида ҳам фуқаролар томонидан юзлаб кескин инкор этувчи фикр-мулоҳазалар билдирилган эди...

Йўқ, 18 июль куни ҳукумат қарори эълон қилинди. Унга кўра, бир йилга энг кам иш ҳақининг 90, 120 ва 140 баравари, деган жумлалар ўзгармасдан қолди. Яъни, аксарият раҳбарларимиз ишлатишни жуда яхши кўрадиган “халқаро тажриба ва амалиёт” ҳам, катта қизиқиш билан кузатиб турган мамлакатимиз жамоатчилигининг фикри ҳам умуман ҳисобга олинмади.

Тўғриси, бу ҳолат бюрократик кайфият нақадар қайсар бўлиши ва ўзгариш унинг учун азоб эканини кўрсатиб қўйгандек бўлди. Афтидан, бу ерда “тонировка” сўзи қўрқинчли чиққандек кўринади. “Нима, энди ҳамманинг машинаси тонировка бўладими? Ҳамма олифтага айланаркан-да!”. “Йўқ, бор-йўғи иккита орқа ён ойнани қорайтирсак, бўлди, болалар қийналяпти!..”

Шунча гапларни эринмай айтиб чиқишдан мақсад қуйидаги саволларни бериш эди:

1. “Mening fikrim” махсус веб-порталига 2018 йил 30 апрель куни жойлаштирилган, етарлича овоз тўплаган петициянинг тақдири нима бўлади? Ўша таклиф ҳукуматга эмас, парламентга қаратилган эмасмиди?

(Қабул қилинган қарор бу саволга жавоб бўлолмайди. Ўша жамоавий мурожаат ИИВ га эмас, Олий Мажлисга йўлланган. Жамоавий мурожаат жамоатчилик томонидан етарли миқдорда қўллаб-қувватланганда, у тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталари (ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши) томонидан кўриб чиқилиши расман маълум қилинган).

2. Олий Мажлис ўзига йўлланган мурожаатларга давлатнинг бошқа тузилмалари орқали жавоб берадими? Шундай бўлган тақдирда ҳам мурожаатни ўқиб, овоз берган 10 минг нафардан ортиқ фаол фуқаронинг ҳурмати учун, ҳеч бўлмаса, қисқагина расмий баёнот берилмайдими?

3. Жамоавий мурожаатдаги асосий мақсад ва мавзу – машинанинг орқа ўриндиғидаги болаларни жазирама таъсиридан, қуёш уришидан асраш масаласи очиқ қолиб кетаверадими? Машинадаги болаларга жазирама қуёш нури зарар етказиши ёки зарар етказмаслиги ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий хулосаси олинганми? Парламент бу масалага қандай муносабат билдиради?

4. Дунёда бор амалиёт нима учун Ўзбекистонга тўғри келмаслиги бўйича қандайдир асосли таҳлил олиб борилганми?

5. Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталига жойлаштирилган маъмурий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича фуқаролар томонидан берилаётган таклифлар, билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинмайдими? Унда жамоатчилик муҳокамалари нима учун ўтказилади? Таклифлар нега қабул қилинмагани ҳақида ҳеч қандай тушунтириш, изоҳ берилмайдими?..

Манба: Telegram/Raisbuva_uz

Шу каби саволларга яқин вақтлар ичида жавоб топилмаса, туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор йилнинг энг ғайритабиий қарорларидан бири бўлганини жамоатчилик фикри сифатида эътироф этишни таклиф этаман.

Тўлқин Тўрахонов,
журналист

Мавзуга оид